Ўзбекистон Миср билан исломий кредитлаш масалаларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ва Мисрнинг Ислом савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатаси бош котиби Юсеф Халави ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон томони “Қишлоқ қурилиш банки”нинг “Бизнесни ривожлантириш банки” бўлиши кутилаётгани тўғрисида маълумот бериб, шу сабаб, тадбиркорларни исломий кредитлаш шартлари қизиқтираётганни билдирди.
Бу масала бўйича Юсеф Халави ўзини “Ал Барака” Ислом иқтисодиёти форуми бош котиби эканини маълум қилди ва 2023 йил 1-октябрь куни Қоҳирада конференция ўтказилиши, унда исломий кредитлаш масалалари ҳам муҳокама қилинишини айтди.
Юсеф Халави Ислом Савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатаси кучли таҳлилий-ахборот базасига эгалиги ва дунё мамлакатларининг техник-иқтисодий таҳлилларини олиб бориши тўғрисида маълумот берди.
Шунингдек, Юсеф Халави палаталар ўртасида тегишли битим имзоланиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади ҳамда Ислом Савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатасига аъзо бўлиш таклифини берди.
Ислом савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатаси 1976 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилоти шафелигида ташкил этилган. Унинг мақсади ташкилотга аъзо мамлакатларда хусусий мусулмон тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Палата Кенгаши 18 кишидан иборат бўлиб, Карачи, Қоҳира ва Истанбулда филиалларига эга. Ислом Савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатасининг барча мусулмон мамлакатлари учун Арбитраж маркази Истанбулда жойлашган.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳасида келгуси етти йилда камида 3 та тижорат банкида Ислом молияси мезон ва тартиблари жорий этилиши кўзда тутилган.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг