1 ноябр куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг биринчи транспорт форуми бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо давлатлар транспорт вазирлари, вазир ўринбосарлари, темир йўл раҳбарлари, транспорт-логистика корхоналари вакиллари иштирок этиб, соҳадаги долзарб муаммолар, самарали халқаро транспорт йўналишларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бу халқаро тадбирнинг аҳамияти ва унинг доирасида имзоланган меморандумлар ҳақида гапириб берди.
Таъкидланишича, ШҲТнинг биринчи транспорт форумини ўтказиш ташаббуси 2022 йил сентябр ойида Самарқанд саммитида Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган.
“Хабарингиз бор, транспорт соҳасида харажатлар юқори. Сабаби Ўзбекистон дунёда очиқ денгизга чиқа олмаган мамлакатлардан бири. Президентимизнинг ҳам ташаббуслари биринчи навбатда қўшни давлатлар билан [ҳамкорлик қилиб] Европа ва Осиёни боғлайдиган кўприк бўлиб ишлаш, ўзимизнинг маҳсулотларимизни етказишда барча қулайлик ва имкониятларни яратишдан иборат. Бугунги тадбир ҳам бу нарсанинг бир намунаси”, – дейди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонга қулай бўлган йўналишларнинг имкониятларидан фойдаланишда халқаро транспорт коридорлари қўл келади. Форум давомида қўшни давлатлар, у ердан Касбий денгизи, Озарбайжон, Грузия ҳамда Туркия орқали Европага олиб чиқадиган халқаро транспорт коридорини барпо этиш бўйича келишувга эришилган. Бу жараёнда ташувлар учун Ўзбекистонга 70 фоизли чегирма берилиши кутилмоқда.
Умумий ҳисобланганда ШҲТ давлатларининг биринчи транспорт форумида Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон транспорт вазирликлари ўртасида “Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” халқаро транспорт йўлагини яратиш ва ривожлантириш бўйича, Россия, Қирғизистон билан эса “Россия – Каспий денгизи – Туркманистон – Ўзбекистон – Қирғизистон” халқаро мультимодал транспорт коридорини шакллантириш бўйича ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Умумий ҳисобда жами 3 та англашув меморандумига қўл қўйилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон транспорт вазирлиги бошчилигида ШҲТ транспорт вазирлари форум доирасида ташкил этилган кўргазма билан таништирилди.
Эслатиб ўтамиз, 1-3 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида транспорт-логистика масалалари юзасидан муҳим тадбирлар бўлиб ўтади. ШҲТ Биринчи транспорт форумидан кейин, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 12-йиғилиши, II халқаро авиация форуми ўтиши режа қилинган.