Ўзбекистоннинг Жиддадаги бош консули Нодир Турғунов Саудия Арабистонининг Muhaidib Group компанияси раиси ўринбосари Эмад бин Абдулқодир ал-Муҳайдиб ва UFMC компанияси бошқарув директори Тариқ ал-Шуваимий ал-Жаммаз билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Мулоқот чоғида Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб этиш ва мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш ва маҳаллий корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Muhaidib Group компанияси раиси ўринбосари Эмад бин Абдулқодир ҳозирги пайтда Ўзбекистонда мева-сабзавотлар, қуруқ мевалар ва ёнғоқ маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш бўйича катта тажриба тўплангани ва бу маҳсулотларни экспорт қилиш учун етарлича салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
«Ўзбекистонда етиштирилган мевалар ўз сифати ва таъми жиҳатидан араб бозорлари эътиборини тортмоқда, - деди у. - Биз экологик сифатли маҳсулотлар ва «соғлом овқатланиш» дастури доирасида подшоҳликка қуруқ мевалар, бодом, ёнғоқлар ва каштан, шунингдек, буғдой ва дон маҳсулотларини Ўзбекистондан сотиб олишга тайёрмиз. Бугунги кунда, Саудия Арабистонида қайта ишлаб қадоқланган маҳсулотлар бозори ривожланиб бормоқда. Бундай турдаги маҳсулотлар юқори гигиена стандартларига жавоб бериши ҳамда харидорларнинг турли эҳтиёжларини қондира олиши туфайли истеъмолчилар томонидан ижобий кутиб олинмоқда».
Саудиянинг UFMC компанияси бошқарув директори Тариқ ал-Шуваимий ал-Жаммаз билан кечган мулоқотда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
UFMC раҳбари чорва моллари учун тайёр озуқа ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда Ўзбекистондан кепак, беда ва арпа маҳсулотларини экспорт қилиш истагини билдирди.
«Биз Ўзбекистонда чорвачилик бўйича фермер хўжаликларини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишимиз мумкин, - деди Тариқ ал-Шуваимий ал-Жаммаз. - Шунингдек, бу ерда боқиладиган мол ва қўй гўштларини Саудия Арабистонига экспортини йўлга қўямиз».
Бўлиб ўтган музокаралар якунида кўриб чиқилган истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларини Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан муҳокама қилиш бўйича учрашувларни ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг