139
Мутахассис бозор нархлари асосида солиқ ҳисобланиши ҳақида: “Бу тадбиркорларнинг қўрқувда яшашига олиб келади”
Солиқ қўмитаси товарларнинг бозор нархини аниқлаб, шу нарх асосида солиқ ҳисоблашга ўтмоқчи. Аввалига биржа товарлари, давлат харидлари порталидаги ва маркировкаланадиган товарларга татбиқ қилинадиган бу тартиб, кейинчалик барча товарлар учун жорий қилинади.
Бу тартиб “Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархларидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш орқали тенг рақобат муҳитини яратиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Солиқ қўмитаси масъули Даврон Бобожонов нима сабабдан қўмита товар ва хизматларнинг бозор нархи асосида солиқ ҳисоблашга ўтилаётганини тушунтираркан, солиқлардан қочаётган тадбиркорлар туфайли рақобат муҳити бузилаётганини асосий сабаб сифатида келтирди.
Солиқ маслаҳатчиси, «United Tax Advisor» солиқ маслаҳати ташкилоти директори Мурод Муҳаммаджонов мақоласида товарларнинг бозор нархидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш мумкинми, бу қанчалик солиқ назариясига тўғри келади, деган саволларга жавоб берган.
“Қарор лойиҳаси солиқларнинг асл моҳиятига зид”
Умуман солиқ назариясида ҳам, солиқ солиш мантиғидан келиб чиқиб ҳам тадбиркорлик фаолиятида ҳисоблаш механизми аниқ бўлмаган рақамлар учун солиқ ҳисобаш мумкин эмас.
Солиқлар қатъий белгиланган ёки аниқ олинган даромадга қаратилган бўлиши лозим. Кейинчалик излаб топиладиган мавҳум рақамлар учун солиқ ҳисоблаш солиқ тўловчиларнинг фақатгина қўрқувда яшашига олиб келади. Тадбиркорлик муҳитига, инвестицион муҳитга салбий таъсир қилади. Қўрқувдаги тадбиркор ривожланишни эмас, бир амаллаб яшаб қолишни ўйлайди. Мавҳум рақамдан солиқ ҳисобланишини кўрган инвестор бундай қонунчилик амал қилаётган ҳудудга яқинлашмайди.
Афсуски, бу қарор лойиҳасини ҳам солиқ назариясига ва умуман олганда солиқларнинг асл моҳиятига, табиатига зид деб ҳисоблаймиз.
Солиқ кодексининг 2-моддасида Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ушбу кодексдан ва қабул қилиниши ушбу кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат бўлиши белгиланган. Солиққа оид барча норматив ҳужжатлар Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
Кодекснинг 3-моддасига кўра ушбу кодекснинг нормаларига ёки қоидаларининг мазмунига бошқача тарзда зид бўлса, ушбу кодекснинг қоидаларига мувофиқ эмас деб топилиши белгиланган.
Бозор нархи бўйича солиқ ҳисобланиши Солиқ кодекси нормаларига ёки қоидаларига қанчалик мувофиқ келади?!
Кодекснинг 7-моддасида Солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланиши лозим.
Солиқ солишнинг аниқлиги ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги принципи
СКнинг 9-моддасида солиқ солишнинг аниқлиги принципи кўзда тутилган бўлиб, унга кўра солиқларни белгиловчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари солиқларнинг бошқа барча элементларини аниқлаб бериши керак. Солиқ элементлари тўғрисида кейинроқ сўз юритамиз.
Солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги даражасига ҳам, адолатлилик даражасига ҳам баҳо бериш учун солиқ тўловчиларнинг ўзларидан сўровнома олинса, масала яққол ойдинлашади.
Солиқ тизимининг ягоналиги принципи
Солиқ тизими Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягонадир. Ушбу принципга асосланадиган бўлсак, республика ҳудудидаги жамики товарларнинг турлари ва сифатлари, ишлаб чиқарувчиси, брендлари, сотиш усули бўйича солиқ базаси сифатида қўлланадиган чакана ва улгуржи бозор баҳоси бутун ҳудуд бўйича бир хил бўлиши шарт бўлиб, бу маълумотлар очиқ ҳамда ҳамма учун бир хил ва солиқ солиш мақсадида ягона кўрсаткичга эга бўлиши керак.
Ўзбекистоннинг ягона иқтисодий маконини бузувчи, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳудуди доирасида товарларнинг (хизматларнинг) ёки молиявий маблағларнинг эркин муомалада бўлишини бевосита ёки билвосита чеклаб қўядиган солиқлар белгиланишига йўл қўйилмайди. Бозор баҳоси бўйича солиқ ҳисоблаш эса айнан шу норманинг ҳам акси ҳисобланади.
Назорат қилувчи орган учун солиқ тўловчига бозор баҳосини, яъни солиқ базасини хоҳласа биржадан, хоҳласа интернетдан ёки ҳисобварақ фактуралардан, хоҳласа божхонадан олиб ҳисоблаб бериш имконини бериш адолатдан бўлармикин? Бизнингча, бу адолатлилик принципига ҳам тўғри келмаса керак.
Солиқ солишнинг ошкоралик принципи (СК 12-модда)
Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари расман эълон қилиниши шарт.
Расман эълон қилинмаган солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари кучга киритилмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.
Юқорида таъкидлаганимиздек республика ҳудудидаги жамики товарларнинг турлари ва сифатлари бўйича солиқ солиш мақсадида қўлланадиган бозор баҳоси аниқ белгиланиб, расман эълон қилиниши керак. Чунки айнан шу бозор баҳоси солиқ ҳисоблаш учун база сифатида фойдаланилмоқда. Солиқ тўловчи учун эса солиқ базаси аниқ ва ошкор бўлиши шарт. Демак ошкоралик принципи ҳам бузилмоқда.
Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи (СК 13-модда)
Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.
Бу принципга асосланадиган бўлсак, ҳар гал солиқ органи бозор баҳосидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаганида тадбиркор норози бўлиб “Солиқ кодексидаги солиқ объекти, базаси ва ҳисоблаш механизмига қараб ҳисобладим, кодексда бозор баҳоси бўйича ҳисоблашим механизми мавжуд эмас” деган фикрни билдирса, суд адолатли қарор қабул қилган тақдирда ушбу принципга асосан ҳар гал масала тадбиркор фойдасига ҳал этилиши керак.
Демакки, ушбу принципларга асосланмаган норма Солиқ кодекси нормаларига зид келади.
Солиқ элементларига мувофиқлик масаласи
СКнинг 69-моддасида кўзда тутилган солиқ элементларининг барчаси аниқлаб қўйилган тақдирдагина ушбу солиқ белгиланган деб ҳисобланади.
Солиқ базаси, объекти, ҳисоблаш механизмлари солиқ элементлари ҳисобланади.
Бозор нархидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблашда кодексда ҚҚСдан ташқари ҳеч қайси солиқ учун солиқ объекти ва солиқ базаси сифатида ёки солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибида бозор баҳоси асос сифатида белгилаб берилмаган. Бошқа ҳолларда бозор баҳоси ҳеч қайси солиқнинг солиқ солиш базаси ҳисобланмайди.
ҚҚСда ҳам кодексда белгиланган ҳолатлар четда қолиб, ҳеч қандай механизм йўқ бўлмаган ҳолатда ўйлаб топилган усул билан кўплаб тадбиркорлар учун бозор баҳосини ҳисоблаш амалиёти қўлланиб келмоқда.
Демак, бозор баҳоси ушбу солиқларнинг базаси ҳам, объекти ҳам, ҳисоблаш тартиби ҳам бўлолмас экан, бозор баҳосидан келиб чиқиб солиқ ҳисобланиши ҳам мумкин эмас.
Юқоридаги асосларни инобатга олсак, тақдим этилган лойиҳа Солиқ кодексидаги солиқ солиш принципларига, солиқ элементларига, шунингдек, солиқлар объекти, базаси ва ҳисоблаш механизмларини кўзда тутувчи бир қанча моддаларга зид келишини кўришимиз мумкин.
Хулоса
Қонунчиликда солиққа оид барча норматив ҳужжатлар Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак деб белгиланган бўлса-да, афсуски, сўнгги пайтларда аввал солиқ кодексига мувофиқ бўлмаган норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, кейинчалик Солиқ кодексини ушбу қонунга зид келувчи нормаларга мувофиқлаштириш амалиёти кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2021 йилдаги 1-сонли ҳамда 22.09.2021 йилдаги 595-сонли қарорлари бунга яққол мисол бўла олади.
Назорат функцияларини кенгайтириш, текширувлар билан қўшимча солиқлар ҳисоблаш механизмини шаклллантириш бу - бизнингча доимий равишда “оқибатлар” билан курашиш бўлиб, мамлакатимиз равнақи учун кўзлаган мақсадга эришишимизда ўта оғир ва етиб бориб бўлмайдиган йўл бўлиб кўринмоқда.
Солиқ текширувларининг 98 фоизидан ортиғида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланаётган бўлса, балки бунга барча тадбиркорлар айбдор эмасдир! Балки қонунни солиқ тўловчилар учун комфорт форматга мослаштириш тўғри бўлар. Текшириш, қўшимча солиқ ҳисоблаш, умуман жазолаш методидан кўра масаланинг ечимини солиқ тўлаш комфорт зонага айланишига қаратишимиз, жазолашни кейинга қолдириш каракдир.
Тадбиркорлар солиқдан қочиш мақсадида товар нархини пасайтириб кўрсатишмоқда, деган асос билан қилмишнинг “оқибатлари” билан курашгандан кўра, ушбу ҳолатга сабаб бўлаётган омилларни ўрганиб, таҳлил қилиб, “сабабларга” эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқроқ бўларди деб ўйлаймиз. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»