09:03 / 07.09.2024
22

Ўзбекистон минтақавий электротехника хабига айланиши мумкин

Ўзбекистон минтақавий электротехника хабига айланиши мумкин
Ўзбекистон минтақавий электротехника хабига айланиши мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соҳада фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ тажрибали тадбиркорлар ҳам иштирок этди.

Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги етти йилда соҳага 1 миллиард доллар инвестиция киритилган. Натижада 762 та янги корхона ишга тушган, 45 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробар ўсди, йиллик даромади 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар 6 тадан 25 тага кўпайди. Тармоқдаги корхоналар ҳисобидан бюджетга тушум 8 баробар ошди. Маҳсулотлар экспорт бўлаётган давлатлар сўнгги уч йилда 2 карра ошиб, 62 тага етди”, — дейилади хабарда.

Президент электротехника экспорти 1 миллиард долларга етгани, тўқимачиликдан кейинги иккинчи маҳаллий саноат тармоғига айланганини таъкидлади.

Айтилишича, смарт карта, генератор, телекоммуникация воситаси, офис техникаси каби яна бир қатор электротехника маҳсулотларини республикада чиқариш имконияти бор.

Мамлакат электротехника экспортининг тўртдан бирини мис сим ва пруток каби қўшилган қиймати паст товарлар ташкил қилаётгани қайд этилди.

Биздаги кабелларнинг 80 фоизи қурилиш ва маиший мақсадларда ишлатилаяпти. Автомобиль саноати учун талаб юқори бўлган кабеллар ишлаб чиқарувчи корхоналаримиз 4 тани ташкил қилади, холос. Шу муносабат билан бундан буён электротехника соҳасидаги технопарклар ёндош йўналишлардаги корхоналар билан саноат кооперацияси асосида ривожлантирилиши белгиланди. Бунинг учун Оҳангарон, Фарғона, Қарши ва Урганч шаҳарларидаги технопаркларда композит материаллар, металл ва пластмассага ишлов бериш, қолиплар ишлаб чиқариш, қадоқлаш каби ёндош соҳа корхоналарига 10 гектаргача жой ажратилади”, — дея қайд этилган хабарда.

Мутасаддиларга аниқ лойиҳалар учун тайёр бинони қуриб, саноат ипотекаси шартларида тадбиркорларга бериш топширилди. Ушбу корхоналарга электротехника корхоналари каби мол-мулк ва фойда солиғидан 50 фоизгача имтиёз берилади.

Умуман, жорий йилда чуқур қайта ишланган мис маҳсулотлари улушини 60 фоизга, келгуси йилда 75 фоизга олиб чиқиш, 1 тонна мисдан қўшилган қийматни 1 минг долларга етказиш муҳимлиги таъкидланди.

Энергетика соҳасида 36 миллиард долларлик 27 гигаватт электр энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаяпти. Кейинги уч йилда сув иншооти, магистрал тармоқ ва тақсимлаш нуқталарига 4 минг 150 та сув ҳисоблагич ўрнатиш, 2026 йилгача 243 та газ тақсимлаш пунктларини янгилаш вазифаси турибди.

Йилига қурилаётган 100 мингта хонадонли кўп қаватли уй-жой ҳамда 13 миллион квадрат нотурар бинолар учун ҳам кабель, трансформатор, иситиш ва совитиш тизимлари, насос, лифт, кузатув воситалари, электр ва газ ҳисоблагичлари керак.

Автомобиль саноатида ҳар йили 200 миллион доллардан ортиқ электротехника маҳсулоти импорт бўлаяпти. Ушбу тармоқларнинг барчаси давлатдан имтиёз ва арзон маблағлар олаётганига эътибор қаратиб, президент мутасаддиларнинг “маҳаллий маҳсулотлар бизни талабга жавоб бермайди, импорт қилишга мажбурман” деган баҳонаси эндиликда ўтмаслигини қайд этди.

Давлат инвестиция дастурлари ва йирик лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, энергетикадаги хусусий шерикчилик лойиҳаларида маҳаллий товарлар улушини 25 фоизга, кабель-ўтказгичларда эса 70 фоизга етказиш бўйича келишувга эришилган. Бошқа тармоқларда ҳам шундай шартларни келишиб олиш топширилди.

Бунда, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, вилоят ҳокимлари буюртмаларни корхоналарга жойлаштиради, тегишли тармоқлар раҳбарлари эса маҳаллий корхоналарга ўз талабларини етказиб, уларни стандартларга мослаштириш ва сертификат олишида кўмаклашади.

Умуман, жорий йилда электротехника соҳасида ишлаб чиқаришни 40 триллион сўмга етказиш зарурлиги қайд этилди.
Тармоқ корхоналарига ягона талаб – сифат, таннарх ва рақобат. Бунинг учун ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар жорий қилиниши ва сертификат мавжуд бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Президент маиший техника ишлаб чиқариш асосан ички бозор ҳисобидан ривожланиб келаётганини қайд этди.
Ўтган йили ишлаб чиқарилган маиший техниканинг 70 фоизи ички бозорда сотилган.

Ташқи бозорларда тариф ва нотариф тўсиқлар кўплиги бор гап, лекин экспорт бозорларида йирик узелли йиғиш асосида ишлаб чиқариш қилиб, уларга бутловчи қисм ва ярим тайёр маҳсулотни ортиқча йиғимларсиз етказиб бериш мумкин.

Эндиликда қўшни бозорларга технология, малакали мутахассис ва бутловчи қисмлар етказиб, Ўзбекистонни минтақавий электротехника хабига айлантириш кераклиги таъкидланди.

Мутасаддиларга қўшни бозорларда миллий брендлар остида камида 15 тадан янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди.

Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга йирик корхоналар билан чекланмасдан, соҳадаги барча тадбиркор билан ишлашни ўрганиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг фаолиятини тубдан ўзгартириш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган товарларни аниқлаш, улар бўйича лойиҳа қилиб, тадбиркорларга бериш; соҳадаги стандартларни халқаро талабларга мослаб, тадбиркорларга жорий қилиш ва сертификат олишда кўмаклашиш уюшманинг асосий вазифалари бўлиши зарур.

Шунингдек, инженер-технолог ва ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бўйича олийгоҳ ва техникумларга буюртма бериш, уларнинг дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш; маҳаллий корхоналардаги истиқболли мутахассисларни хорижий илғор компанияларга стажировкага жўнатиш уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиши лозим.
Президент "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг унга янги аъзо бўлганлардан 2 йил, айланмаси 10 миллиард сўмдан кам корхоналардан эса умуман бадал олмаслик, уларнинг маҳсулотларини “Элтех Лаб” лабораториясида бепул синовдан ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб қувватлади.

Электротехника лойиҳалари учун хориждан 200 миллион доллар ресурс жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Умуман, бу йил 85 та лойиҳа доирасида сим карта, тўлов картаси, кенг турдаги маиший техника, трансформатор, телевизор, қуёш панели ва ёритиш ускуналари, электр скутерлар учун аккумулятор, литий батареяси, лазер билан кесиш ускуналарини ишлаб чиқаришни бошлаш вазифаси қўйилди”, — дейилади хабарда.

Соҳа вакиллари ва тадбиркорлари билан мулоқотда қуйидаги таклиф ва ташаббуслар билдирилди:
  • саноат электротехника маҳсулотларини лизинг асосида сотиш тизимини жорий этиш;
  • йиллик экспорти 50 миллион доллардан кўп бўлган корхоналарга айланма маблағ учун бериладиган кредит миқдорини ошириш;
  • фойда солиғини ҳисоблашда корхоналарнинг илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфлаган харажатини чегириш тизимини такомиллаштириш;
  • автомобиль аккумулятори чиқиндисини утилизация қилиш тизимини жорий этиш;
  • янги лойиҳаларни амалга оширишда замонавий ускуна сотиб олишга йўналтирилган маблағнинг бир қисмини фойда солиғи базасидан чегириш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон минтақавий электротехника хабига айланиши мумкин