12:20 / 07.02.2025
54

Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида катта ўсиш кузатилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасида катта ўсиш кузатилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистонда IT, молиявий хизматлар, туризм, авиация, таълим ва тиббиёт соҳаларида сезиларли ривожланиш кузатилди. Бу ҳақда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент матбуот хизматига кўра, давлат раҳбари уч йил аввал қабул қилинган хизматлар секторини ривожлантириш дастури ўз натижасини бераётганини таъкидлади. Натижада қўшимча 1,5 миллион киши сервис соҳасида доимий даромад манбаига эга бўлди, хизматлар ҳажми эса 2018 йилдаги 19 миллиард доллардан 65 миллиард долларга етди (ўсиш – 3,5 баробар).

Аҳоли даромадининг икки баробар ошиши сабабли янги хизматларга бўлган талаб ҳам ортаётгани қайд этилди. Шу боис вазирлар ва ҳокимлар хизмат кўрсатиш соҳасини талабга мос равишда ривожлантириши лозимлиги таъкидланди.

Бироқ, ҳудудлар ўртасида хизмат кўрсатиш даражасидаги тафовутлар ҳамон сақланиб қолаётгани қайд этилди. Масалан:
  • Нукус туманида хизматлар ҳажми 363 миллиард сўмга етиб, 22 фоизга ўсган.
  • Гулистон туманида эса аҳоли икки баравар кўп бўлса-да, хизматлар ҳажми Нукусдан 30 миллиард сўмга кам.
  • Наманган шаҳрида жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 13 миллион сўмга ҳам етмаган (Жиззах шаҳрида – 33 миллион сўм).

Бу ҳолат ҳали ҳам “хуфиёна иқтисодиёт” мавжудлигидан далолат бериши таъкидланди. Шунингдек, айрим ҳудудларда муайян хизматлар ҳажмининг пастлиги танқид қилинди:
  • Нишон, Янгиқўрғон ва Нарпай туманларида IT хизматлари ривожланишдан орқада.
  • Самарқанд, Янгиер, Мирзаобод ва Мирзачўлда молиявий хизматлар ҳажми камайган.
  • Қарши, Жомбой, Ургут, Урганч, Учтепа туманларида савдо ҳажми ўсмаяпти.
  • Фарғонанинг 7 та туманида тиббий хизматлар ҳажми қисқарган.

Барча вазирлар ва ҳокимлар хизмат турларини кўпайтириш устида изланиш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда, 2025 йилга қадар хизматлар ҳажмини 15 фоизга ошириб, 82 миллиард долларга, экспортини эса 8,5 миллиард долларга етказиш, шунингдек, соҳада 2,5 миллион кишини даромад билан таъминлаш каби мақсадлар белгилангани маълум қилинди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт