
Ўзбекистонда банк хизматлари соҳасида шаффофлик ва адолат принципларига зид бўлган ҳолатлар тобора кўпаймоқда. Марказий банк бу масалага жиддий ёндашиб, барча кредит ташкилотларига расмий равишда огоҳлантириш юборди. Хатда банклар томонидан йўл қўйилаётган инсофсиз амалиётларга оид мисоллар келтирилди ва бу каби хатти-ҳаракатлар нафақат истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига, балки бутун банк тизимига бўлган ишончга путур етказаётгани қайд этилди.
Марказий банк мурожаатида таъкидланишича, айрим молиявий ташкилотлар ўз мижозларига нисбатан одоб-ахлоқ ва инсоф меъёрларига зид равишда ҳаракат қилмоқда. Бу эса фуқароларнинг моддий етишмовчилигига сабаб бўлиб, уларни нотўғри молиявий қарорларга олиб келмоқда. Бундай амалиётлар кредит шартномаларида яширин ёки тушунарсиз шартлар қўйилиши, бир томонлама ўзгартиришлар, истеъмолчи розилигисиз қўшимча хизматлар тақдим этилиши билан боғлиқ бўлмоқда.
Марказий банк Фуқаролик кодексининг 9-моддасига асосланиб, барча молиявий ташкилотлардан ҳалоллик, адолат ва оқилона муносабат талаб этилади. Бу талабларни бузиш истеъмолчи ҳуқуқларига хилоф ҳисобланади ва молиявий барқарорликка хавф туғдиради.
Марказий банк энг кўп учрайдиган инсофсиз амалиётларга қуйидагиларни киритди:
- Истеъмолчилар учун зарарли ва ноаник шартлар киритилган шартномалар;
- Хизмат ҳақидаги ахборотни нотўғри ёки бўрттирилган кўринишда тақдим этиш;
- Фоиз ставкалари, жарима ва тўловлар бўйича бир томонлама ўзгартиришлар;
- Кредит шартномаларида “ковенант” ва “муҳим шартлар” орқали истеъмолчи зиммасига қонунга зид мажбуриятлар юклаши;
- Қора рўйхат, кредитни рад этишда асоссиз тушунтиришлар бериш;
- Суғурта, SMS-хабар каби қўшимча хизматларни мажбурий равишда бериш;
- Мобил иловаларда имтиёзли тўлов даврини нотўғри акс эттириш;
- Ҳали белгиланган тўлов санаси етмасидан қарзларни олдиндан ундириш.
Марказий банк барча кредит ташкилотларига ушбу хат мазмунини ходимларга етказишни, фронт-офис ходимларининг малакасини ошириш бўйича мунтазам ўқув курслари ташкил этишни тавсия қилмоқда. Бундан ташқари, банк тизимидаги инсофсиз амалиётлар ҳар ой Марказий банк сайтлари ва расмий ахборот каналлари орқали оммага етказиб борилади.
Истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, яқин вақтда жорий этиладиган онлайн мурожаат платформаси орқали бевосита Марказий банкка шикоят қилиш имконига эга бўлади. Бу орқали ҳар бир фуқаро молиявий манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирокчига айланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар