date

Ўзбекистон Покистон бозорига янги савдо уйи билан кириб борди

Ўзбекистон Покистон бозорига янги савдо уйи билан кириб борди
Покистоннинг иқтисодий пойтахтларидан бири бўлган Лаҳор шаҳрида Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи тарихий воқеа бўлиб ўтди. «Ўзбекистон савдо уйи»нинг очилиш маросими катта тантана билан ўтказилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти бошчилигидаги вакиллар делегацияси, Лаҳор шаҳар ҳокимиятининг юқори лавозимли расмийлари ҳамда Покистондаги йирик бизнес вакиллари иштирок этди.

Ушбу янги очилган савдо уйи икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо алоқаларини кенгайтириш, маҳсулотларнинг экспорт ва импорт ҳажмини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини ривожлантиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши айтилди.

Қайд этилишича, савдо уйи орқали Ўзбекистондан Покистонга экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг тури ва ҳажмини кенгайтириш, ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун янги бозор имкониятларини яратиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Покистон ишбилармонлари учун ҳам Ўзбекистон бозорида ўз маҳсулотларини тақдим қилиш ва янги шериклик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари очилади.

Шунингдек, жорий йилнинг 25 июнь санасида Покистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Карачида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида нуфузли бизнес-форум ўтказилиши маълум қилинди. Форумга ўзбекистонлик тадбиркорлар ва экспортчилар фаол таклиф этилаётган бўлиб, улар учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш имкониятлари ҳам тақдим этилмоқда.

Бизнес-форум давомида ўзбек тадбиркорлари «Савдони ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан таклиф қилинаётган қўшимча имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Бу имтиёзлар орасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида ишлаб чиқариш ва сифатни яхшилаш мақсадида чет элдан профессионал дизайнерлар, технологлар, маркетологлар, сифат назоратчилари ва тажрибали агрономларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш имконияти ҳам мавжуд.

Бундай кенг кўламли тадбирлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги даражага олиб чиқиб, икки мамлакат халқлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса ўзбек маҳсулотлари ва ишлаб чиқарувчиларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишига ҳам кенг йўл очади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон Покистон бозорига янги савдо уйи билан кириб борди
-->