date
views 398

Ўзбекистон апрелда дунёда энг кўп олтин сотган давлатга айланди!

Ўзбекистон апрелда дунёда энг кўп олтин сотган давлатга айланди!
2025 йилнинг апрель ойи якунларига кўра, Ўзбекистон глобал олтин бозорида энг фаол сотувчи давлат сифатида етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (WGC) ўзининг сўнгги ҳисоботида маълум қилди.

Ҳисоботга кўра, шу йил апрелда дунё бўйича марказий банкларнинг соф олтин харидлари 12 тоннани ташкил этган. Бу кўрсаткич март ойидаги харидларга нисбатан тахминан 12 фоиз камроқдир.

Харидлар бўйича жаҳон етакчиси Польша Миллий банки бўлиб, у ўз олтин захираларини 12 тоннага ошириб, умумий миқдорини 509 тоннага етказди. Шу билан бирга, Чехия Миллий банки ҳам ўз захираларини 3 тонна, Хитой Халқ банки 2 тонна, Туркия Марказий банки 2 тонна, Қирғизистон Миллий банки 2 тонна, Қозоғистон Миллий банки ва Иордания Марказий банклари эса ҳар бири 1 тоннадан оширишга муваффақ бўлган.

Бироқ Ўзбекистон Марказий банки, аксинча, апрель ойи давомида олтин захираларини яна 11 тоннага қисқартирди. Йил бошидан буён мамлакатнинг олтин захиралари умумий ҳисобда 26 тоннага камайиб, ҳозирда 356 тоннани ташкил этмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг олтин захираларини қисқартириб, жаҳон бозорида фаол сотувчи сифатида қатнашиши мамлакатнинг халқаро валюта захираларини рекорд даражага етказишига имкон берди. 2025 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари илк бор 49,25 миллиард АҚШ долларига етган. Бу кўрсаткич Ўзбекистон тарихидаги энг юқори рекорд натижадир.

Ўзбекистон захира активларининг ошишига, асосан, сўнгги ойларда халқаро бозорларда олтин нархининг сезиларли даражада қимматлаши ва бир неча марта ўз тарихий рекордларини янгилаши сабаб бўлди. Жаҳон бозорида олтиннинг юқори баҳоланиши Ўзбекистонга катта иқтисодий фойда келтиргани қайд этилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг олтин сотиш сиёсати миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ҳамда захираларни диверсификация қилишга қаратилган стратегик қадамдир. Бу мамлакатга халқаро молия бозоридаги ўзгаришларга тезкор ва самарали жавоб бериш имкониятини беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон апрелда дунёда энг кўп олтин сотган давлатга айланди!