date
views 170

Эрон ва Ўзбекистон ўртасида янги логистика ҳамкорлиги бошланди

Эрон ва Ўзбекистон ўртасида янги логистика ҳамкорлиги бошланди
Жорий йилнинг 6 июнь куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида транзит ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжат — ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур келишув Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар транспорт вазирларининг 13-йиғилиши доирасида амалга ошди. Тадбир Теҳронда юқори даражадаги расмийлар иштирокида ўтди.

Меморандумни Эроннинг транспорт ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ, Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Эрон портлар ва денгизчилик ташкилоти раҳбари Саид Расулий имзолади.

Келишувга мувофиқ, Эрон томони Ўзбекистоннинг хусусий сектори учун мамлакатдаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Шаҳид Раҷаии портида алоҳида терминал ва логистика маркази қуриш, ҳамда инвестиция киритиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиб беради.

Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, юк ташишдаги самарадорликни ошириш, янги транспорт йўналишлари ва савдо занжирларини фаоллаштиришда муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Айниқса, мазкур меморандум Ўзбекистон товарларини халқаро бозорларга чиқаришда янада қулай транзит имкониятлари яратиши ва Жанубий йўналиш орқали денгиз портларига тезкор чиқишни таъминлаши мумкин.

Мутахассислар фикрига кўра, бу ҳамкорлик нафақат икки давлат манфаатларига, балки бутун минтақавий логистика тизимининг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Фото: Транспорт вазирлиги
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Эрон ва Ўзбекистон ўртасида янги логистика ҳамкорлиги бошланди