
Ўзбекистон суверен кредит рейтинги бўйича халқаро иқтисодий майдонда яна бир муҳим ютуққа эришди. Дунё миқёсида обрўга эга «Moody’s» рейтинг агентлиги мамлакатнинг иқтисодий ҳолатини юқори баҳолаб, кредит рейтинги прогнозини «барқарор»дан «ижобий»га кўтарди. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, мазкур қарор давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва стратегик дастурларга халқаро миқёсдаги ишончнинг юксалаётганини намоён этади.
«Бу натижа — мамлакатимиз томонидан танланган ривожланиш йўлининг тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди», — дейди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий беқарорлик фонида ҳам хорижий инвесторлар учун ишончли ва барқарор ҳамкор сифатида қабул қилинаётганини таъкидлади. Бунда Тошкентда бўлиб ўтган IV Халқаро инвестиция форуми мисолида ҳам ислоҳотлар натижалари акс этгани қайд этилди.
Саида Мирзиёева, шунингдек, бу янгиланган прогноз мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган иқтисодий стратегиясидаги энг муҳим мақсад — Ўзбекистонни халқаро инвестицион рейтингга эга давлатлар қаторига олиб чиқиш йўлидаги дастлабки босқич эканини таъкидлади.
«Буни амалга ошириш учун бизга аниқ мақсад, умумий ҳаракат ва иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини ошириш талаб этилади. Барқарор макроиқтисодий муҳит ва халқаро ишонч – бугунги стратегиямизнинг асоси», – дея таъкидлади у.
Экспертлар фикрига кўра, Moody’s томонидан прогнознинг ижобий томонга ўзгариши Ўзбекистонга бериладиган халқаро молиявий ресурслар, инвестиция ва кредитлар оқимини янада фаоллаштириши мумкин. Бу эса мамлакат иқтисодий ўсишининг янги босқичга чиқишини тезлаштиради.
Шундай қилиб, халқаро рейтинг агентликларининг ушбу баҳо ва муносабатлари – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва келажакдаги иқтисодий ўсиш салоҳиятининг очиқ тасдиғидир.
Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар