
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев Куала-Лумпурдаги CB Synergy компанияси бош директори Шахзели бин Шахзулкариб ҳамда Perak Halal Corporation бошқарув директори Абдул Азиз Абдул Раҳим билан учрашди.
Учрашув чоғида Қашқадарё вилоятида “ҳалол” озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилиши борасида фикр алмашилди. Малайзия томони ўз юртида “ҳалол” гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича тажрибага эга бўлган CB Synergy, Perak Halal Corporation ва PK-Agro Industrial Products компаниялари консорциуми тузилишини маълум қилди.
Perak Halal Corporation ўз навбатида Қашқадарёдаги лойиҳа доирасида нафақат саноат корхоналари қуриш, балки махсус тренинглар орқали маҳаллий кадрлар тайёрлаш, соҳадаги замонавий билим ва технологияларни Ўзбекистонга олиб кириш, ҳамда мамлакатни минтақавий “ҳалол” марказга айлантириш ниятида эканини билдирди.
Абдул Азиз Абдул Раҳим ушбу ташаббус доирасида вилоят ҳокимлиги билан давлат-хусусий шерикчилик асосида ҳамкорлик меморандуми имзоланишини айтди. Малайзия томони эса икки давлат ҳукуматлари ўртасида “ҳалол” соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумига юқори баҳо берди ва ўзининг бу жараёнга амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.
Эътиборли жиҳати — Малайзия Ислом тараққиёти департаменти “ҳалол” сертификатларини Ўзбекистонда маҳаллий равишда беришни ташкил этишни ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Учрашув якунида Малайзия компаниялари вакилларидан иборат ишчи делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиши бўйича келишувга эришилди.
Фото: "Дунё" АА «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг