Бугунги кунда Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритмоқда. Агар саккиз йил илгари бу соҳа етарлича ривожланмаган ва стартаплар сони бармоқ билан санарли бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони кескин ортиб, мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди.
Президент таъкидладики, бу йилги етти ой мобайнида стартапларга рекорд даражада – умумий қиймати 264 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция кирди. Бу 2024 йил давомида кирган сармоялардан тахминан тўрт баробар кўпдир. Шу боис, давлат томонидан стартапларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожига кўмаклашиш ва янги бизнес имкониятларини яратиш борасидаги ишлар янада жонлантирилади.
Ёшлар орасидаги илғор ғояларнинг коммерциялаштирилишига эътибор қаратилади: 1 мингта стартап ғояси тижоратлаштирилади ва шундан тахминан 200 таси халқаро бозорга чиқарилиши режалаштирилган. Бу эса нафақат маҳаллий, балки глобал иқтисодиётда ҳам Ўзбекистоннинг технологик салоҳиятини намоён қилади.
Шу билан бирга, мамлакатга энг илғор технологиялар олиб келинмоқда ва 100 та маҳаллий стартап халқаро миқёсда жозибадор ва самарали бизнесга айлантирилади. Бунда умумий қиймати 100 миллион долларга тенг молиявий кўмак кўрсатилади.
Бу йилдан бошлаб, янги лойиҳа сифатида «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ҳам ташкил этилади. Унда энг яхши 100 та ғоя танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади. Бундан ташқари, бу стартапларни брендга айлантириш ва уларнинг бозордаги рақобатбардошлигини ошириш учун молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича зарур экспертлар харажатлари ҳам қопланади.
Президент таъкидладики, ғолибларни 20 август – Тадбиркорлар кунида тақдирлаш режалаштирилган. Унинг фикрига кўра, бу тадбир ёш тадбиркорлар учун катта илҳом ва мотивация манбаи бўлади, уларни янги ғоялар яратиш ва бизнесда янада фаол бўлишга ундайди.
Ўзбекистондаги стартаплар учун бу қадар кенг қўллаб-қувватлаш ва халқаро инвестициялар кириши, албатта, ёшлар орасида тадбиркорлик руҳини янада ошириши ва мамлакат иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиши аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!