date

Қозоғистон тенгега боғланган миллий стейблкоин пилотини бошлади

Қозоғистон тенгега боғланган миллий стейблкоин пилотини бошлади

Қозоғистон Марказий банки мамлакат молия бозорида янги босқични бошлаб берди – Solana ва Mastercard ҳамкорлигида миллий валютага боғланган янги стейблкоин пилот лойиҳаси йўлга қўйилди. Марказий банк сешанба куни Cointelegraph нашрига берган расмий баёнотида рақамли активларни қонуний тартибга солиш учун махсус яратилган “Digital Assets Regulatory Sandbox” доирасида лойиҳа амалга оширилганини маълум қилди.

Янги рақамли восита Эво (KZTE) деб номланиб, у тўлиқ Қозоғистон миллий валютаси – тенгега боғланган ҳолда жорий этилди. Стейблкоинни маҳаллий “Eurasian Bank” ҳамда Intebix криптобиржаси чиқармоқда, Solana блокчейни эса асосий технологик пойдевор сифатида хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Mastercard ҳам лойиҳани халқаро стейблкоин эмитентлари билан боғлаш орқали уни кенгроқ молиявий тизимга интеграция қилишни мақсад қилган.

Қозоғистоннинг миллий стейблкоини криптовалюталар ва анъанавий банк тизими ўртасида кўприк вазифасини бажариши кутилмоқда. Марказий банкнинг баёнотида таъкидланишича, Эво стейблкоинидан фойдаланиш йўналишлари жуда кенг:

  • криптовалюта ва фиат пуллар ўртасидаги алоқани кучайтириш;

  • рақамли активларни айирбошлаш операцияларини енгиллаштириш;

  • крипто-карталар орқали транзакцияларни амалга ошириш.

Лойиҳа мамлакатнинг рақамли активлар бозорини ривожлантириш стратегиясининг муҳим қисми сифатида кўрилмоқда. Мақсад – инновацион молиявий воситаларни жорий этиш орқали миллий рақамли экотизимни шакллантириш ва Қозоғистонни глобал рақамли молияда етакчи ўйинчилардан бирига айлантириш.

Эслатиб ўтамиз, ҳарчанд Эво техник жиҳатдан Intebix ва “Eurasian Bank” томонидан чиқарилса-да, унинг ишга туширилиши ҳамда тартибга солиш жараёни тўлиқ Марказий банк томонидан таъминланмоқда. Бу эса лойиҳанинг шаффофлиги ва ҳуқуқий асосларини кафолатлайди.

Янги стейблкоин пилоти нафақат мамлакатда рақамли иқтисодиёт ривожини тезлаштиради, балки минтақадаги крипто-молиявий инновацияларга янги суръат бериши ҳам кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Қозоғистон тенгега боғланган миллий стейблкоин пилотини бошлади