Марказий банк насия савдо бозори иштирокчилари учун ахлоқ қоидалари лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди. Ҳужжат бозорда ошкоралик, одоб-ахлоқ стандарти ва мижоз ҳуқуқларини кенгроқ ҳимоя қилишни кўзлайди.
Лойиҳага мувофиқ, FinTex Ассоциацияси орқали “Ишонч белгиси” тизими йўлга қўйилади. Бу белги насия хизматлари шаффофлиги ва қонун талабларига мувофиқ эканини англатади, уни олиш учун тадбиркорлик субъекти Ассоциацияга аъзо бўлиши шарт.
Шунингдек, ҳар бир насия ташкилоти ўз расмий сайтида барча маҳсулотлар, тўлов тартиби, комиссия ва жарималар ҳақида тўлиқ ва тушунарли ахборот бериши лозим. Мижоз билан шартнома тузилишидан олдин хизмат кўрсатувчи томон қуйидаги маълумотларни очиқ тақдим этади: бир йўла тўлаш нархи, барча устама ва йиғимлардан кейинги умумий сумма, аниқ тўлов жадвали, турли комиссия ва жарималар, хизматнинг тўлиқ қиймати йилига фоизда ифода этилган эквивалент, шартномани муддатидан олдин бекор қилиш тартиби, кечиккан тўлов оқибатлари, “Ишонч белгиси” рақами ҳамда мурожаат учун контакт маълумотлари.
Рекламада қиморона ва чалғитувчи иборалардан фойдаланиш тақиқланади. Хусусан, “0 фоиз”, “бепул”, “барчага мос” каби таърифлар ишлатилмайди. Бу талаб мижозни аниқ шартлар билан таништириш, ортиқча ваъда билан йўлдан урилмаслик учун киритилган.
Ёш чеклови ҳам аниқланди: насия хизматлари фақат 18 ёшдан катта шахсларга кўрсатилади. Илк лимит 2 миллион сўм этиб белгиланади. Агар мижоз лимитни оширишни истаса, унинг қарз юки 50 фоиздан ошиб кетмаслиги шарт. Барча фоиз ва йиғимлар йиғиндиси йилига асосий қарзнинг ярмидан кўп бўлмаслиги лозим.
Қарздорликни ундириш жараёни қонуний ва инсоний мезонларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади: таҳдид, босим ўтказиш, шаъний ва қадр-қимматга тажовуз каби усуллар мутлақо ман этилган. Муддати ўтган қарздорлиги бор мижозга янги насия савдо хизмати кўрсатилмайди. Шунингдек, насия ташкилотлари кечикма билан ишлашнинг аниқ механизмларини жорий этади: Soft-Collection (эслатма ва мулоқот), Hard-Collection (кескин чоралар доирасида, амалдаги қонунлар доирасида), Legal-Collection (суд-ҳуқуқ органлари иштирокида).
Фирибгарликка қарши қадамлар ҳам кучайтирилади. Янги мижозлар биометрик усулда рўйхатдан ўтказилади, ташкилотларда ахборот ва киберхавфсизлик бўлимлари фаолият юритади. Кредит бюролари билан доимий маълумот алмашинуви йўлга қўйилиб, мижоз тарихини баҳолашда автоматлаштирилган мезонлар қўлланади.
Лойиҳа ҳозирча жамоатчилик муҳокамасида. Таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинганидан сўнг, талабларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш кўзда тутилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги қоидалар насия савдосида ишонч муҳитини мустаҳкамлаб, мижоз билан ташкилот ўртасидаги муносабатни очиқ ва тартибли қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!