15:38 / 25.12.2016
6 253

Франция Самарқандда чиқиндиларни бошқаришни яхшилашга кўмаклашади

Франция Самарқандда чиқиндиларни бошқаришни яхшилашга кўмаклашади

Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Ўзбекистон билан Самарқанд шаҳрида маиший қаттиқ чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш бўйича лойиҳа доирасида 23,5 млн евро миқдоридаги кредит берилиши тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда Газета.уз хабар бермоқда. Мазкур молиялаштириш Ўрта Осиё учун Инвестицион жамғарма (IFCA) доирасида бериладиган Европа Иттифоқининг 8 млн евро миқдоридаги субсидияси билан тўлдирилади.

19 декабрь куни бўлиб ўтган имзолаш маросими Ўзбекистон молия вазири Ботир Ходжаев, ФТА Осиё давлатлари бошқармаси бошлиғи Паскал Пако, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен Биет де Вилмор хоним, ФТАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рафаэл Жозан ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ҳамкорлик бўйича бошлиғи Овидиу Мик иштирокида ўтказилди.

Лойиҳа Самарқанд шаҳрида энг илғор тажрибалар ва жаҳон андозаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни самарали ва узоқ муддатли яхлит бошқаришнинг яратилишига қаратилган. Лойиҳа чиқиндиларни бошқаришнинг барча ишлари ва барча занжирларини, уларни йиғиш, қайта ишлаш ва утилизация қилишни молиялаштиришни қамраб олади.

Жумладан, 200 та чиқинди йиғиш пунктларини қуриш ва таъмирлаш, 70та чиқинди йиғиш транспортини харид қилиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни сортировка қилиш маркази ва уларни кўмиш марказини, шунингдек ахлатхонада ажраладиган биогазни қайта ишлаш бўйича биореактор бўлиб ишлайдиган ускуналарни ўрнатиш белгиланган.

Бундан ташқари, лойиҳа мутахассисларни тайёрлаш, Самарқанд шаҳар ҳокимиятига ва чиқиндиларни йиғиштиришга ихтисослашган «Мароқанд Обод» шаҳар корхонасига институционал ёрдам кўрсатиш, шунингдек аҳолига маиший чиқиндиларни бошқаришга тааллуқли маълумот бериш бўйича тадбирларни ўтказишни ўз ичига олади.

Лойиҳа бўйича кўзда тутилган маиший қаттиқ чиқиндиларни техник кўмиш маркази биогаз ишлаб чиқарувчи биореактор сифатида фойдаланилиб, олинган газ газ чиқиндиларни йиғиш транспортларига қуйилади. Мазкур яхлит лойиҳа нафақат Ўзбекистонда, қолаверса бутун Ўрта Осиё минтақасида биринчи ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳар йили 100 млн тонна саноат ва 35 млн куб метр маиший қаттиқ чиқинди ҳосил бўлади. Ҳудудларда чиқиндиларни йўқ қилиш ва қайта ишлаш бўйича замонавий корхоналар етишмовчилиги сабабли мамлакатда 2 млрд тонна чиқиндилар йиғилиб қолган.

Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) — бу Франция ҳукумати томонидан белгиланган ривожлантириш сиёсатини амалга ошириб келаётган давлат молия институтидир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Франция Самарқандда чиқиндиларни бошқаришни яхшилашга кўмаклашади