Даромад ва тил муҳим: Буюк Британияда муҳожирлар учун янги талаблар жорий қилинмоқда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Буюк Британия ҳукумати хорижликларнинг мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш жараёнини кескинлаштириб, Индефините Леаве то Ремаин мақомини олиш учун базавий муддатни 5 йилдан 10 йилгача оширмоқда.
- Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд таъкидлаганидек, янги қоидаларга кўра, кутиш муддати муҳожирларнинг йиллик даромади, қонунларга риоя қилиши ва жамиятга интеграциялашув даражасига қараб 3 йилдан 30 йилгача этиб белгиланди.
Буюк Британия ҳукумати мамлакат иммиграция қонунчилигини тубдан ўзгартирувчи ва қоидаларни кескинлаштирувчи кенг кўламли ислоҳотлар пакетини эълон қилди. Британия ОАВларининг мамлакат Ички ишлар вазири Шабана Маҳмудга таяниб хабар беришича, эндиликда хорижлик фуқаролар учун доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш жараёни сезиларли даражада қийинлашади.
Янги режага кўра, хорижликларга Буюк Британияда муддатсиз яшаш, ишлаш, ўқиш ҳамда давлат ижтимоий нафақалари ва имтиёзли уй-жой олиш имконини берувчи Indefinite Leave to Remain (ILR) мақомини олиш учун асосий базавий муддат ҳозирги 5 йилдан 10 йилгача оширилиши таклиф этилмоқда.
Янги градация: Ким қанча йил кутишига тўғри келади?
Ислоҳот доирасида кутиш муддатлари муҳожирларнинг йиллик расмий даромади, қонунларга риоя қилиши ва маҳаллий жамиятга интеграциялашув даражасига тўғридан-тўғри боғланади:
3 йил: Йиллик расмий даромади 125 минг фунт стерлингдан ошадиган юқори малакали ва бадавлат иммигрантлар учун;
5 йил: Йилига 50 минг фунт стерлингдан кўпроқ маош олувчи мутахассислар учун;
10 йил: Қонуний асосда яшаб, меҳнат қилаётган кўпчилик иммигрантлар учун базавий стандарт муддат;
20 йилгача: Виза тартибини бузганлар, белгиланган давлат нафақаларини олувчилар ва айрим махсус тоифалар учун;
30 йилгача: Мамлакатга ноқонуний кириб келган, ишламайдиган ва ўқимайдиган мигрантлар учун.
Тил, тарих ва солиқлар бўйича янги талаблар
Шунчаки мамлакат ҳудудида белгиланган муддат давомида яшашнинг ўзи етарли бўлмайди. Номзодлар қатор мажбурий синовлардан ўтиши шарт:
Инглиз тилини мукаммал билиш даражасини расман тасдиқлаш;
Буюк Британия тарихи, маданияти ва давлат қонунчилиги бўйича махсус имтиҳонни топшириш;
Судланмаганлик, давлат олдида қарздорлик йўқлиги ва барча солиқ талабларига тўлиқ мувофиқ келиш.
Реформадан кўзланган мақсад ва миграция статистикаси
Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуднинг таъкидлашича, ушбу чекловлар иммигрантларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган улкан давлат харажатларини қисқартириш ҳамда тизимни британ солиқ тўловчилари учун адолатли қилишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, 2021 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда Буюк Британия аҳолиси миграция оқими ҳисобига қарийб 2,6 миллион кишига кўпайган. Ҳозирда миграция суръати сезиларли даражада пасаймоқда: 2025 йилда соф миграция кўрсаткичи қарийб 117 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилларга қараганда икки баравар камайди. Бироқ аввалги йилларда келган улкан тўлқиннинг катта қисми амалдаги тартиб бўйича яқинда доимий яшаш ҳуқуқини олиш арафасида тургани сабабли янги қонунчилик тезлаштирилмоқда.































Изоҳлар 0
…