Хитой иқтисодиёти 2025-йилнинг учинчи чорагида ўсиш суръатини пасайтирди. Расмий маълумотларга кўра, июль–сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулот 4,8 фоизга ошди. Бу ўтган йилги 5,2 фоизлик кўрсаткичдан паст бўлиб, мамлакатда сўнгги бир йилдаги энг суст ўсишни кўрсатди.
Мутахассислар бунга асосан кўчмас мулк бозоридаги инқироз ва АҚШ билан кучайган савдо кескинлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Хитой яқинда нодир ер металлари экспортига чекловлар киритганидан сўнг, АҚШ президенти Доналд Трамп бунга жавобан Хитой маҳсулотларига 100 фоизгача бож солиш билан таҳдид қилди. Бу эса икки давлат ўртасидаги савдо сулҳини бузди.
Шунга қарамай, Хитойнинг технология ва ишлаб чиқариш соҳалари иқтисодий ўсишни маълум даражада ушлаб турмоқда. Сентябрь ойида саноат ишлаб чиқариши 6,5 фоизга ошган, экспорт ҳажми эса 8,4 фоизга кўпайган. Энг фаол соҳалар сифатида электроавтомобил, 3D-босма ва робототехника ишлаб чиқариш қайд этилди.
Бироқ ички истеъмол сустлигича қолмоқда. Ҳукумат аҳолининг харид қобилиятини ошириш учун субсидиялар, чегирмалар ва маошларни кўтариш бўйича чора кўрмоқда, аммо бу етарли бўлаётгани йўқ. Экспертларнинг фикрича, қўшимча давлат ёрдамисиз йил якунида иқтисодий ўсиш 4,8 фоиздан ошмаслиги мумкин.
Кўчмас мулк сектори эса Хитой иқтисодиётидаги энг заиф бўғин бўлиб қолмоқда. Сармоялар йил давомида қарийб 14 фоизга камайган, уй нархлари пасаймоқда ва айрим қурилиш лойиҳалари тўхтаб қолган. Мутахассислар бу соҳа ҳали узоқ вақт давомида Хитой иқтисодиётининг асосий муаммоси бўлиб қолишини айтмоқда.