
Хитойнинг энг йирик онлайн савдо майдонларидан бири — JD.com платформасида Ўзбекистоннинг миллий павилони расман фаолият бошлади. Бу янгилик ҳақида “Дунё” АА мухбири маълум қилди. Мазкур лойиҳа икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, ўзбек маҳсулотларини Хитой бозорида янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Бу платформа орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни Хитой истеъмолчиларига тизимли ва профессионал асосда етказиш кўзда тутилган. Лойиҳа тадбиркорларни рақамли трансчегаравий савдо жараёнларига тезроқ мослаштириш, миллий брендларни онлайн каналларда оммалаштириш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган.
Миллий павилон ўзбек ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари учун ҳақиқий “ягона дарча” вазифасини бажаради. Бу ерда тўқимачилик маҳсулотлари, тайёр кийим-кечаклар, чарм-атторлик буюмлари, пойабзал, қуритилган мевалар, ёнғоқ ва асал каби чуқур қайта ишланган маҳсулотлар, табиий ичимликлар ва зираворлар кенг намойиш этилади. Шу билан бирга, Хитой бозори талабларига мос сертификатларга эга табиий хомашёдан тайёрланган косметика, уй-рўзғор товарлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳам платформадан жой олади.
Хитойлик шериклар таъкидлашича, JD.com'да миллий павилоннинг очилиши ўзбек компанияларига нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки Хитойдаги улкан онлайн бозорга тўғридан-тўғри кириш имконини ҳам беради. Бу эса миллий брендлар нуфузини мустаҳкамлашга ва янги истеъмолчилар аудиториясига чиқишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, JD.com мамлакатдаги энг йирик электрон тижорат экосистемаларидан бири бўлиб, ўзининг кучли JD Logistics логистика тармоғи, юқори даражадаги сифат назорати ва сотувдан кейинги хизмат тизими билан машҳур. Шу сабабдан, ўзбек товарларининг бу платформага кириши экспортчилар учун катта стратегик имконият сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистоннинг Хитой бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлайдиган ушбу қадам келгусида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини сезиларли даражада ошириши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.