Тадбиркорга "тўсиқ қўйиш" сиёсатга тўсқинликдир!

  • 17 январь 2017, 10:12
  • 4 434
  • Иқтисодиёт
  • Тадбиркорга "тўсиқ қўйиш" сиёсатга тўсқинликдир!

    Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган эътибор туфайли бу соҳа йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Бу тармоқ ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси, роли ва таъсири билан давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида тобора муҳим ўрин эгаллаётир. Ўзбекистон иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакатдан бири сифатида тан олингани замирида ҳам соҳа вакилларининг муносиб ҳиссаси бор.
    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида хусусий мулк ва тадбиркорликни янада ривожлантириш ва уларнинг таъсирчан ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
    Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратмоқда.
    Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан фармон ижроси доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар бартараф этилаётир.
    Фармонга мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилиши таъминланмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Актам Муҳаммадиев. – Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилиши тартиби йўлга қўйилди.
    Ушбу меъёрлар ижросини таъминлашда адлия идоралари соҳада ўрганишлар ўтказишни ташкил этиш, балки уларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратаётир. Зеро, бугун тадбиркорлар қаерда муаммога дуч келса, тизимда ташкил этилган 1008 қисқа рақамли «ишонч телфони»га мурожаат қилмоқда.
    Мисол учун, Наманган шаҳрида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор М.Абдубоев “ишонч телефони”га мурожаат қилиб, ўзига берилган солиқ имтиёзидан фойдалана олмаганини билдирган. Адлия ходими ушбу ҳолатни ўрганганда бу ўз тасдиғини топди. Тегишли тартибда киритилган тақдимномага мувофиқ тадбиркорга 850 минг сўм маблағи қайтариб берилди. Имтиёз қўллашни ғайриқонуний рад этганлиги учун инспекция ходими Ф.Ҳамроқуловга суд қарори билан жарима қўлланилди.
    2016 йилда “ишонч телефони”га шу каби 718 мурожаат тушган бўлса, уларнинг аксарияти ҳал этилиб, тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар бартараф этилди. Мурожаатларни ўрганиш асносида турли идораларга 72 тақдимнома, судларга 325,8 миллион сўмдан ортиқ даъво аризаси киритилди. Кўрилган чоралар натижасида 40 мансабдор шахс интизомий жавобгарликка, 19 нафари маъмурий жавобгарликка ва 2 мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
    Тадбиркорлик фаолияти ривожига халал бераётган масалалардан бири бу – ноқонуний текширишлардир. 2016 йилда 34 тадбиркор фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги, 1,4 мингдан зиёд ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилишига йўл қўйилгани бу фикрни тасдиқлайди. Ноқонуний текширишларга асосан Наманган, Бухоро, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида йўл қўйилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан 224 айбдор шахс интизомий, 59 шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 29 ноқонуний қарори бекор қилинди. Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармаси томонидан “Спорт жиҳоз люкс” хусусий корхонасида рухсатсиз текшириш ўтказилган. Бу ҳақда адлия ходими томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Бу ҳолатга йўл қўйган Д.Тажиевга суд қарори билан жарима тайинланди.
    Ўтган йилда тадбиркорлардан келиб тушган 3 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилди. Адлия идоралари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотларга тақдимнома, огоҳнома киритилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Таъсир чоралари натижасида 1857 мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 122 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
    Тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилиши тартибини амалиётда қўллашга эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилда судларга тадбиркорлар фойдасига 202 нафар мансабдор шахсдан 116,5 миллион сўм моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво аризаси киритилди ва уларнинг барчаси қаноатлантирилди.
    Юқорида номи қайд этилган фармонда белгиланган нормаларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш мақсадида 2016 йил 30 декабрда “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, 2017 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Бу тадбиркорларимиз учун яратилган улкан қулайлик бўлиб, уларнинг эркин фаолият юритишига хизмат қилади.
    Шу ўринда таъкидлаш лозимки, амалиётда муқобил текширишларни ўтказишда турлича ёндашувларга йўл қўйилаётган эди. Яъни, бир тадбиркорда ўтказилаётган текшириш ёки жиноят иши доирасида иккинчи тадбиркор билан боғлиқ муносабатлари аниқланса, иккинчи тадбиркор фаолиятини ҳам тўлиқ текшириш ҳолатлари учраб турарди. Бу тадбиркорларимизнинг ҳақли норозиликларини келтириб чиқарарди. Эндиликда бундай текширишларга батамом барҳам берилди.
    Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарар қопланган ва ҳуқуқбузилиши оқибатлари белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этилган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилинади. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланди.
    Кўрсатиб ўтилган нормалар тадбиркорлик субъектларини икки марта жазолашни истисно этибгина қолмай, балки биринчи марта ҳуқуқбузарликни содир этган фуқароларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради. Бу чора уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам йўналтирилган.
    Бир сўз билан айтганда, бугун тадбиркорлар манфаатлари – давлат ва қонун ҳимоясида. Ана шу мақсадга қаратилган чора-тадбирлар изчил таъминланмоқда. Тадбиркорлар бу имкониятлардан янада унумли фойдаланиши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини пухта билиб, уларнинг амалда қўлланилишини талаб қилиши мақсадга мувофиқ. Шундагина яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бериб, мамлакатимиз янада тараққий этаверади.

    Норгул Абдураимова
    ЎзА

    Манба: Vodiymedia.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Тадбиркорга "тўсиқ қўйиш" сиёсатга тўсқинликдир!