
Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (YeTTB) ҳамда Asakabank банкни хусусийлаштириш бўйича асосий тижорий шартларни белгилавчи “Term Sheet” ҳужжатини имзолади. Келишув 2020 йил 12 майдаги президент фармони ижроси доирасида расмийлаштирилди ва томонлар ҳамкорлигини институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Ҳужжатга кўра, YeTTB Asakabank акцияларининг 15 фоиз улушини харид қилишни режалаштирмоқда. Келишилган барча талаблар — транзаксион, тартибга солувчи ҳамда корпоратив-ҳуқуқий жараёнлар — тўлиқ ва белгиланган тартибда якунланса, YeTTBнинг банк акциядорлик капиталига кириши 2026 йилда кутилмоқда.
Ушбу босқич давлат банкларини трансформация қилиш, давлат активларини бошқариш самарадорлигини ошириш, молиявий хатарларни камайтириш ва банк тизими барқарорлигини кучайтиришга қаратилган президент фармони доирасидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Asakabankни хусусийлаштириш жараёнида YeTTB билан ҳамкорлик бир қатор йўналишларни қамраб олади. Жумладан, корпоратив бошқарув сифатини яхшилаш ва банк фаолияти шаффофлигини кучайтириш, рискларни бошқариш ва ички аудит бўйича халқаро стандартларни жорий этиш, капитал базаси ҳамда операцион барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек тижорий самарадорликка йўналтирилган барқарор бозор модели шакллантириш кўзда тутилган.
Шунингдек, кейинги хусусийлаштириш босқичлари арафасида банкнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди.
Аввалроқ YeTTB Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярмига яқинини таъминлайдиган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 70 миллион долларгача кредит ажратиши маълум қилинган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.