Англия Банки стейблкоинлар бўйича қатъий қоидаларни қайта кўриб чиқмоқда

Англия Банки (БоE) фунт стерлингга боғланган стейблкоинлар учун таклиф этилган тартибга солиш қоидаларини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Рақамли активлар компаниялари томонидан билдирилган хавотирларга кўра, активларни сақлаш бўйича чекловлар ва захира талаблари Буюк Британияда чиқарилган токенларнинг иқтисодий самарадорлигини пасайтириб, уларнинг оммалашувига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
Банк раиси ўринбосари Сара Бреэден Финансиал Times нашрига берган интервюсида марказий банк жисмоний ва юридик шахслар учун стейблкоинларни сақлаш бўйича вақтинчалик лимитларни бекор қилиш ёки уларга муқобил вариантларни излаётганини маълум қилди. Шунингдек, захира активларининг камида 40 фоизини Англия Банкида фоизсиз депозит сифатида сақлаш талаби ҳам қайта кўриб чиқилмоқда.
Ушбу ўзгаришлар Буюк Британия ҳукуматининг мамлакатни рақамли активлар учун рақобатбардош марказга айлантириш ҳамда банк тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда фунт стерлингга боғланган токенлар глобал стейблкоин бозорининг жуда кичик қисмини ташкил этади, бозорда эса асосан доллар асосидаги эмитентлар етакчилик қилмоқда.
Саноат вакиллари ва потенциал эмитентлар илгари таклиф этилган чекловлар операцион жиҳатдан мураккаб эканлигини ва институционал инвесторларни чўчитиши мумкинлигини таъкидлашган. Сара Бреэден молиявий барқарорликни сақлаш муҳимлигини таъкидласа-да, қоидаларнинг ҳаддан ташқари қатъийлиги Буюк Британия юрисдикциясини АҚШ ёки Европа Иттифоқи билан солиштирганда жозибадорлигини камайтириши мумкинлигини тан олди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!