Uzum компанияси қиймати 2,3 миллиард долларга етди

Ўзбекистоннинг етакчи рақамли экотизими ҳисобланган Узум компанияси ўз қийматини қисқа вақт ичида 53 фоизга ошириб, 2,3 миллиард долларга етказди. Бу муваффақият компаниянинг етти ой ичида эришган навбатдаги йирик натижаси бўлиб, инвесторларнинг мамлакат рақамли иқтисодиётига бўлган ишончини яққол кўрсатади. Бу ҳақда techcrunch.com хабар беради.
Компания Уммон суверен жамғармалари бошчилигидаги инвесторлардан 131,5 миллион доллар миқдорида сармоя жалб қилди. Ушбу маблағлар Узумнинг электрон тижорат ва молиявий хизматлар соҳасидаги фаолиятини янада кенгайтиришга йўналтирилади. Ҳозирги кунда экотизим 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчини қамраб олган бўлиб, 2025 йилда платформа орқали 11 миллиард долларлик тўловлар амалга оширилган.

Узум бош директори Жасур Жумаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда чакана савдо анъанавий бозорлардан тўғридан-тўғри рақамли тижоратга ўтиш босқичини бошдан кечирмоқда. Компания ўз таркибига Узум Маркет, Узум Банк ва Узум Насийа каби хизматларни бирлаштириб, мижозларга комплекс ечимларни таклиф этмоқда. 2025 йилда компаниянинг соф фойдаси 176 миллион долларни ташкил этди.
Келажакда Узум 2026 йилнинг иккинчи ярми ёки 2027 йил бошида IPOга чиқишни режалаштирмоқда. Бу жараён учун компания 250 миллиондан 300 миллион долларгача маблағ жалб қилишни мақсад қилган. Ҳозирги кунда Узум Ўзбекистоннинг биринчи яккашох компанияси сифатида мамлакат технологик тараққиётининг локомотивига айланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!