Ўзбекистон ЖЧ-2026да тактик ўзгаришлар бўйича топ-10га кирди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида натижа борасида мақсадига эриша олмаган бўлса-да, бир кўрсаткич бўйича турнирнинг энг фаол жамоалари қаторидан жой олди.
Opta Analyst маълумотларига кўра, Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоа ўйин давомида тактик тузилишини тез-тез ўзгартириб, Англия ва Эрон билан бир хил натижа қайд этган.
Ўзбекистон ҳар ўйинда схемани бир неча бор ўзгартирган
Статистикага кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳар 90 дақиқада ўртача 2,7 марта тактик тузилишини алмаштирган.
Бу кўрсаткич миллий жамоага мундиалдаги энг кўп тактик ўзгариш қилган термалар ўнлигидан жой олиш имконини берди.
Ўзбекистон Англия ва Эрон билан бир хил натижа қайд этган. Бу мураббийлар штаби майдондаги вазият, рақибнинг ҳаракатлари ва ҳисобга қараб ўйин режасига мунтазам тузатиш киритганини кўрсатади.
Рўйхатда икки Осиё жамоаси етакчилик қилди
Тактик схемани энг кўп ўзгартирган жамоалар рейтингида Қатар ва Иордания биринчи ўринни бўлишиб турибди. Ҳар икки терма ҳар 90 дақиқада ўртача 3,3 марта тузилишини алмаштирган.
Кучли ўнлик қуйидагича кўриниш олди:
Қатар — 3,3 марта;
Иордания — 3,3;
Бельгия — 3,0;
Чехия — 3,0;
Парагвай — 2,8;
Англия — 2,7;
Ўзбекистон — 2,7;
Эрон — 2,7;
Алжир — 2,5;
Миср — 2,4.
Шу тариқа, топ-10дан Осиёнинг тўртта терма жамоаси жой олган.
Каннаваро штаби вазиятга фаол жавоб қайтарган
Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида учта учрашув ўтказди. Opta маълумотлари Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби ўйинларни бир хил схема асосида ўтказмаганини кўрсатмоқда.
Жамоа учрашув давомида ҳимоя ва ҳужум ўртасидаги мувозанатни ўзгартириш, қанотлардаги ҳаракатни кучайтириш ҳамда ҳисобга қараб футболчиларнинг вазифаларини янгилашга ҳаракат қилган.
Бироқ тактик фаоллик якуний натижага айланмади — Ўзбекистон гуруҳдаги учала баҳсни ҳам мағлубият билан якунлади.
Илк мундиал икки тарихий гол билан эсда қолди
Ўзбекистон ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, «К» гуруҳида Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикасига қарши куч синашди.
Миллий жамоанинг жаҳон чемпионатларидаги илк голини Аббосбек Файзуллаев урди.
Элдор Шомуродовнинг Конго ДР дарвозасига киритган тўпи эса гуруҳ босқичининг энг чиройли голи сифатида эътироф этилди.
Натижалар кутилгандек бўлмади, аммо Ўзбекистоннинг илк мундиали тактик изланишлар ва мамлакат футболи тарихига кирган голлар билан эсда қолди.































Изоҳлар 0
…