Шу йилнинг июль ойи охирларида иккита баёнот билан чиқиш қилинди ва уларнинг ҳар иккиси муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари Шуҳрат Исмоилов ҳукуматнинг иқтисодий блокида айни дамда эркин конвертация жорий этиш ва валюта курсларини бирлаштириш масаласи жиддий муҳокама қилинаётганини айтиб ўтди. Бу ишларнинг барчаси «биз (яъни, ҳукуматнинг иқтисодий блоки — Б.Э.) барча жабҳаларни валютанинг эркин курси ўрнатилишига тайёрлашишимиз керак»лигига йўналтирилганлиги айтилди.
Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг қайд этишича, «Миллий валютани қўллаб-қувватлаш учун хорижий кредитлар, ХВЖ кредитларини жалб этиш назарда тутилмаяпти. Либераллаштиришни босқичма-босқич амалга ошириш учун бизнинг валюта захираларимиз етарли».
Бу ердаги калит сўз — босқичма-босқич. Ўйлаб, мушоҳада қилиб. ХВЖдаги либерал-монетаристларнинг рецептларига кўра, бошқа давлатларда ўтказилган ислоҳотлар учун хос бўлган, шокка туширувчи тажрибаларсиз.
Валютани эркинлаштириш масаласи, бу мавзуда мамлакатимизда юз бераётган мунозараларда кўпинча бир жиҳат эътибордан қочирилмоқда.
Эркинлаштириш ким учун? Ким ютади-ю, ким ютқазади? Қайси қатламлар ва гуруҳлар?
Шахсан мен учун 1991 йилдан кейин ўтказилган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий натижалари — ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган 22 фоиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари. Бу ислоҳотларнинг энг муҳим ва асосий натижасидир.
Ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган, ўн минглаб инсонлардан иборат бутун бир қатлам шакллантирилди. Айнан ўшалар мамлакат иқтисодиётининг асоси ва қояси ҳисобланади. Ана шундай корхоналар фоизининг ўсиши эса ислоҳотларнинг муваффақиятлилиги ёки муваффақиятсизлигини баҳолаш мумкин бўлган бош мезон саналади.
Ишчи ўринлар яратадиган ана шундайларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш — ҳукумат иқтисодий сиёсатининг бош вазифаси бўлмоғи керак. Чунки айнан шу соҳада яратиладиган иш ўринлари савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидан фарқли ўлароқ, барқарор бўлади.
Мен иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган соҳалари ривожланмаслиги керак, деган фикрдан йироқман. Хизмат кўрсатиш соҳаси айни пайтда кўплаб давлатларнинг иқтисодиётида етакчи ўрин тутади. Бизнинг иқтисодиётимизда ҳам бу соҳа ЯИМнинг деярли ярмисини ишлаб чиқаради.
Лекин барча гап «иқтисодиёт локомотиви ким», деган саволда.
Бугунги кунда саноат-инновацион иқтисодиётни шакллантириш мақсадида тезкор саноатлаштириш сиёсатини амалга ошираётган Ўзбекистонда иқтисодиётнинг айнан ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган, саноат соҳасини қўллаб-қувватлаш ўта муҳим вазифа саналади.
«Сиёсат — мумкинлик санъати» дегани ибора бор. Яъни, ҳамма жабҳада кучли бўлишнинг мутлақо имкони йўқ. Ҳеч қачон, ҳаттоки энг бой давлатда ҳам ҳаммани қўллаб-қувватлаш, ҳаммага ёрдам бериш учун молиявий имконият йўқ. Шу сабабли давлат устувор йўналишларни танлаб олади ва асосий кучларни устувор мақсадларга етишишга сарфлайди.
Саноати ривожланган мамлакатнинг устувор йўналиши битта бўлади — саноат ишлаб чиқарувчиларини, саноат ишлаб чиқариши билан шуғулланаётган ишбилармонлик субъектларини қўллаб-қувватлаш.
Эркин конвертация ва курсларни бирлаштириш масаласига бу нуқтаи назардан боқиш валюта сиёсатини зудлик билан, шокка тушириб либераллаштиришнинг оддий нарсаларни тушунмайдиган тарафдорларига нисбатан айрим саволларни вужудга келтиради.
Саноат ишлаб чиқариш корхоналари яратиш учун валюта кредитлари олган ишбилармонлар билан нима бўлади? Улар расмий курсда (айтайлик, 1 АҚШ долларини 3 минг сўмдан) кредит олишган, энди кредитнинг асосий қисми ва фоизларини эркин курсда, айтайлик, 9 минг сўмдан қайтаришлари керак. Ахир улар касодга учрашади-ку?! У ерда ишлаётган ишчилар билан нима бўлади? Либерал-монетаристлар ва уларнинг халқаро молия ташкилотларидаги маслаҳатгўйлари буни ўйлашадими? Йўқ. Чунки уларга миллий ишлаб чиқарувчилар, инсонларга нима бўлишининг фарқи йўқ. Уларга фақат «эркин бозор» қонун-қоидалари амал қилса бас. Бутун бир мамлакат ва инсонлар тақдири — шунчаки «ислоҳотлар чиқити», холос.
Тўлов балансининг жорий операциялари бўйича манфий сальдо юзага келмаслиги учун эркин конвертацияга ўтишни қандай таъминлаш мумкин? Айниқса Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги уч асосий ҳамкори (РФ, ХХР, Қозоғистон) иқтисодиётида стагнация рўй берган шароитда, бу мамлакатларга экспортни ошириш имконияти ўз чегарасига эга бўлган ҳолатда?
Ниҳоят охиргиси. Либераллар валюта либерализацияси, унинг «плюс»лари ҳақида гап очганида, улар сохтакорлик/ёлғонни аралаштиришга уринишади.
Ўзбекистон 2000-йилларнинг биринчи ярмида валюта конвертациясини жорий этиб кўрган эди. Нима бўлганди? Мутахассислар валюта бойликларни улкан миқдорда ювиш содир бўлганини билишади. Пахта, газ, рангли металлар, олтин ва уран экспортидан мисқоллаб ишланган валюта савдогарлар томонидан тўлиқ ювиб юборилган. Уларнинг бизнеси жуда оддий: валюта харид қилиб, Олмаота, Бишкек ё Урумчига бориб, халқ истеъмоли моллари харид қилишади, уларни юртимизга келтириб уч баробар қимматига пуллайди, савдодан тушган сўмларни яна долларга айирбошлаб яна «мол харид қилиш»га кетишади. Натижада нима бўлган эди? Бозорларимиз Хитойда ишлаб чиқарилган кенг истеъмол моллари (пойабзал, кийим, идиш ва ҳ.к.) га тўлиб-тошган, бозорларда барча нарса: гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳ.к.), ёғ-мой, макарон, пишлоқ қаердан келтирилса ҳам (Россия, Ўзбекистон, Украина ва ҳ.к.), Ўзбекистонники бўлмаган даврларни ҳамма эсласа керак.
Ўзбекистон ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилардан фарқли ўлароқ, бу давлатлардаги ишлаб чиқарувчилар маза қилишган.
Шу сабабли 2006–2007 йилларда бу сиёсатдан қочишга киришилди ва чекланган конвертация жорий этилди ва фақатгина асбоб-ускуналар ҳамда технологиялар учун конвертация ажратила бошланди.
Бу ҳам ўз натижаларини бера бошлади. Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё ва бошқа маҳсулотларининг катта қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Албатта, алоҳида маҳсулотларнинг сифати муаммоларига тўхталиш мумкин, бироқ барибир ишлаб чиқариш мавжуд ва у сўнгги 10–12 йилда йўлга қўйилди.
Бу жараён энди энди палак ёзмоқда. Агар ҳозир яна савдогарлар эркин конвертация имконига эга бўлса нима бўлади? Маҳсулотларнинг катта қисми яна ноқонуний олиб кирила бошланади, улар яна бозорларимизни ишлаб чиқарувчиларимизнинг фаолиятига нуқта қўювчи арзон истеъмол моллари билан тўлдириб ташлашади. Бундан ким ютади? Хитойлик ва туркиялик ишлаб чиқарувчилар ва бизнинг савдогарларимиз, албатта.
Ўз иқтисодиёти ҳажми бўйича Ўзбекистон жаҳонда илғор сафларда турмайди. Ҳозирча бизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз хитойлик ишлаб чиқарувчилар билан теппа-тенг рақобатга кириша олишмайди, чунки бизнинг бозорларимиз ва унга келиб тушадиган талаб ҳажми турлича, ўз-ўзидан алоҳида бир ишлаб чиқарувчининг ҳам, бутун бир соҳанинг ҳам ишлаб чиқариш ҳажми кескин фарқланади.
Бундай шароитларда давлат масъул бўлади ва ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоялаши керак. Протекционистик усулда бўладими, божхона таъриф режимлари ёки нотариф усуллар билан бўладими — фарқи йўқ. Шу сабабли Ўзбекистон ҳукуматининг манфаати хитойлик ёки туркиялик ишлаб чиқарувчилар эмас, ўзимизнинг ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришдан иборат бўлмоғи керак.
Либерал маддоҳлар валюта либерализацияси ҳақида гап очишганда, бу — ислоҳотларнинг яккаю ягона шарти, деган фикрни илгари суришади.
Лекин бу «кабинет» иқтисодчилари эмас, реал ишбилармонларни тингласангиз, уларнинг сув, газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминланиш, марказий канализацияга уланишга эришиши янада муҳимроқ эканлигига гувоҳ бўласиз.
Бизнинг ишлаб чиқарувчи ишбилармонларимиз солиқ ислоҳоти ва Қўшилган қиймат солиғи — ҚҚС миқдорини камайтириш (ҳозирги 20 фоиздан ҳечқурса 17 фоизга) ҳақида гап очишади.
Уларга маҳаллийлаштириш дастурига кирган кирмаганидан қатъи назар, хомашё ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари миқдорини камайтириш ёки уларни тўлиқ бекор қилиниши муҳимроқ. Улар бу жараёнларда барча ишлаб чиқарувчилар учун тенг шароитлар яратилишини исташади.
Тобора ўсиб ривожланишга тайёр ишбилармонлар учун корхоналар ўлчамини ошириш масаласи ечилиши, уларнинг формати кичик корхоналардан ўрта корхоналарга айлантириш янада муҳимроқ саналади. Мамлакатда «ўрта корхоналар» (ўрта бизнес) формати жорий этилиши учун қонунчилик йўлида қадамлар босилиши керак. Ўрта корхоналар 700–800 нафар ишчи-ходимларни қамраб олиши, улар ҳам бугунги кунда кичик корхоналарга тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланишини исташади.
Яна бир қатор реал саволлар ва муаммолар турибди. Улар учун конвертация масаласи либерал-монетаристлар ўйлаётганидек, асло биринчи галда эмас.
Шу сабабли валютанинг эркин конвертациясига сакрашларсиз, ишбилармонларни шокка мубтало қилмасдан, босқичма-босқич ўтилиши борасида иқтисодий блокка тегишли муҳим икки вазирликнинг вазир ўринбосарлари оғзидан янграган баёнотлар ишлаб чиқарувчиларни умидлантирмоқда.
Бахтиёр Эргашев,
молиявий эксперт
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи