19:15 / 22.07.2018
5 310

Қозоғистонлик иқтисодчи: "Ўзбеклар биз 26 йил ҳаракат қилган нарсага эришишга яқин"

Қозоғистонлик иқтисодчи: "Ўзбеклар биз 26 йил ҳаракат қилган нарсага эришишга яқин"
Қозоғистоннинг хатоси - Ўзбекистон ҳукумати учун ўзига хос дарс, Ўзбекистоннинг тобора ўсиб бораётган аҳолиси - унинг олдинга силжиши учун турткидир.

Амалий иқтисодиёт тадқиқотлари маркази директори, қозоғистонлик таниқли иқтисодчи Жанибек Айгазиннинг айтишича, Ўзбекистон аҳолисининг ўсиши ва мамлакатнинг дунёга очилишга тайёрлиги Тошкентни Марказий Осиёда етакчига айлантириш учун барча шароитларни яратади.

- Улар меҳнаткаш одамлардир, қадим замонлардан бери ўтроқ яшаб келишган. Улар ажойиб деҳқон бўлиб, ҳар доим кичик маҳсулот ҳунармандчиликлари билан қизиқишган.

Биз, қозоқлар, асосан яйлов чорвачилиги билан шуғулланганмиз: фақат подани ҳайдаш ва бошқа жойга олиб бориш учун кўникма керак эди. Ҳа, бу ҳам иш, лекин у жуда кўп техник кўникмаларни талаб қилмайди.

Ўзбеклар жуда интизомли. Жойлашув ҳам таъсир кўрсатади: Тошкент ҳар доим собиқ СССРнинг жанубий пойтахти бўлиб келган, Москванинг географик чегараларни ривожлантириш бўйича барча эътиборини ўзига тортган.

Ҳатто уларда инфратузилма ҳам бизникидан кўра кўпроқ ривожланган: у ердан сиз тўғридан-тўғри Нью-Йоркка уча оласиз, - дея таъкидлайди у.

Айгазиннинг фикрига кўра, Ўзбекистон ҳозирги пайтда ўтиш даврининг барча «завқлари» билан бозор иқтисодиётига ҳали тўлиқ ўтмади, айнан шу билан ҳам Қозоғистондан фарқ қилади.

- Ўзбекистонда ҳозирги пайтда давлат мулки ҳамон устун турибди. Аммо аста-секин иқтисодий эркинлаштириш жараёни амалга оширилади ва хусусийлаштириш бошланади. Қандай бўлмасин, бу юз беради, чунки давлат улкан активларни таъминлаб тура олмайди.

Ўзбекистоннинг дунёга очилиш жараёнида хорижий сармоялар кириб келади, янги ишлаб чиқариш ва иш ўринлари яратилади. Албатта, кўплаб ўзбеклар Россия ва Қозоғистонда ишлашади. Аммо мамлакат ичида ҳам кўплаб меҳнат ресурслари қолмоқда.

Либерал қарашларни тушуниш нуқтаи назаридан ортда қолиш бор, ва бу бозорни тушуниш бўйича ўз изини қолдирди. Лекин менинг фикримча, улар бунга тезда ўрганади.

Биз эса, мустақилликнинг 26 йили ичида йирик ишлаб чиқариш саноатини яратишга муваффақ бўлмадик, иқтисодиётимиз фақат қазиб чиқариш соҳаларига асосланган. Бизда катта қувватлар, ишлаб чиқариш саноати йўқ - бу юқори қўшимча қиймат ҳосил қилади ва мамлакат аҳолисини товарлар билан таъминлашда муҳимдир, - дейди Айгазин.

Ўзбекистон ҳали ЖСТга аъзо бўлмаганлигини ҳисобга олиб, унда, иқтисодчининг фикрича, ўзини ҳимоялаш ва саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги рақобатбардошлигини ошириш учун қандайдир карт-бланш мавжуд.

- Ўзбекистон жаҳон бозорига асосий пахта етказиб берувчи экани ва уни ишлаб чиқариш бўйича олтинчи ўринни эгаллашини унутмаслигимиз керак. Мамлакатда Россия ва Қозоғистон тажрибаси ўрганилмоқда ҳамда хатоларимиздан хулоса чиқарилмоқда. Шундан келиб чиқиб, улар ўзлари учун мос иқтисодиётни эркинлаштириш моделини танлашади. 90-йилларнинг бошларида биз бу йўлдан кетгандик. 1993-1994 йилларда Қозоғистонда инфляция 2000%дан ортиқ бўлди - бу гиперинфляция.

Ўзбекистон, умид қиламанки, хусусий мулкнинг тўлиқ ҳукмронлигига вазминлик билан ўтади, нархларни, валюта курсларини, мулкий ҳуқуқларни эркинлаштиради, товарлар ва одамларнинг эркин ҳаракатланишини жорий этади ва ҳ.к. Умид қиламанки, ҳозиргидек қатъий назорат бўлмайди.

Ҳозирча эса, ўзбеклар СССР давридаги каби чиқиш визаларини олишга мажбурлар. Ҳозир бор бўлган ЯИМ ҳажми уларнинг салоҳиятидан узоқ, келажакда эса, янада кўпроқ бўлади, - деб ҳисоблайди иқтисодчи.

- Шундай қилиб, оддий либерализация жараёнида уларни бизга етиб олиши ва ортда қолдириб кетиши мумкин. Биз улар каби тартибли эмасмиз. Ҳатто қонунларни қабул қилсак ҳам, биз уларни заиф тарзда ижро этамиз, лекин уларда ҳаммаси бошқача. Тўғри, совет иқтисодий моделининг қолдиқлари ривожланиш йўлида уларга тўсқинлик қилиши мумкин.

Бошқа томондан, бу Беларусда ҳам бор, бироқ мамлакат барибир муваффақиятли. Энди биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилишимиз ва уларга нима таклиф қилишга тайёр эканимиз ҳақида ўйлашимиз лозим.

Ҳамкорликни йўлга қўйиш керак, чунки яқинда Ўзбекистон ўзига тортиш марказига айланади. Масалан, чегарада улар билан эркин иқтисодий ҳудудни яратиш, қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик ўрнатиш мумкин. Сармоядорлар бор, улар салоҳиятни кўришмоқда, - дея хулоса қилган Айгазин.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Қозоғистонлик иқтисодчи: "Ўзбеклар биз 26 йил ҳаракат қилган нарсага эришишга яқин"