13:46 / 06.11.2018
4 100

“Фаришта инвесторлар” кимлар?

“Фаришта инвесторлар” кимлар?
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таълим жараёнига инновацион методикаларни жорий этиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқариш билан ҳамоҳанглигини таъминлаш ва энг асосийси, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш мақсадида Тошкент Халқаро Вестминстер университетида “Инновацион менежмент” ўқув-тренинг малака ошириш курслари ўтказилди. Мазкур курслар ОТМларнинг илмий-ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари учун ташкил этилди. Яқинда уни муваффақиятли якунлаган проректор ва директор ўринбосарлари сертификатлар билан тақдирландилар. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу ўқув-тренингда ОТМ ва ОТМларда инновацион фаолият асослари, ”Илмий тадқиқотлар инновацион ишланмалар танловини ташкил қилиш ҳамда илмий фаолиятни инновацион ривожлантириш истиқболлари”, “Инновацион тадбиркорлик ва уни молиялаштириш” каби мавзулар кенг ёритилди.

Жумладан, лекторлардан бири – Инновацион ишланмаларни жорий этиш маркази ходими Қ.Абдураззоқов инновацион фаолиятни молиялаштиришнинг ноанъанавий усуллари бўлган фаришта инвесторлар (angel investors) ва венчур компанияларнинг амалий тамойиллари ҳамда инвестиция шартлари ҳақида маълумотлар берди. Ҳаётий мисоллардан фойдаланиб, инновацион маҳсулот ва хизматларга инвестиция жалб этиш, инвесторлар билан ишлаш йўллари муҳокама қилинди.

Маълумки, иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар бизнес доираларида эътиборли ўрин эгаллаган “фаришта инвестор”лар ва венчур фондлари мамлакат иқтисодиётини ўсишига хизмат қилиб келмоқда. Венчур фондлари, “фаришта инвесторлар” каби иборалар кўпчилик учун янги тушунчалар бўлгани боис уларнинг моҳияти, фаолият юритиш тартиби кўпчиликда қизиқиш уйғотди. “Риск капитали”,баъзи холларда “пай капитали” (equity саpital)деб номланадиган бундай турдаги инвестиция манбалари, атамалар мазмунидан ҳам кўриниб турибдики, маълум улуш эвазига таваккалчилик даражаси юқори бўлган инновацион лойиҳаларни, стартапларни молиялаштиришда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Инновацион бизнесни қўллаб-қувватлаш функциясини бажарувчи акселераторлар томонидан саралаб олинган стартаплар бир неча ойлик тайёрлов дастурларини ўтаганларидан сўнг ўз лойиҳаларини фаришта инвесторлар олдида намойиш қиладилар. Улардан муваффақият қозониш эҳтимоли юқори бўлган, “фаришталар” томонидан муносиб кўрилганларига фирманинг маълум улуши эвазига инвестиция киритилади.“Фаришталар” аксарият ҳолларда тажрибали моҳир тадбиркорлар бўлиб, стартаплар муваффақиятидан манфаатдор эканликлари сабаб ҳам ўз фикр ва маслаҳатлари билан кўмак берадилар.

Тренингда акселерация марказлари инновацион фаолиятни оширишда қандай роль ўйнаши ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Тренинг давомида проректорларни қизиқтирган бошқа саволлар ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази олти ойлик бепул стартап-акселераторлар ташкил этиш арафасида турибди. Шу муносабат билан Илғор технологиялар маркази стартап акселераторнинг потенциал иштирокчилари учун махсус семинарлар ташкил этган бўлиб, тадбирда ноанъанавий фикрлаш, жамоада ишлаш, акселераторда иштирок этиш қоидалари ва босқичлари, интерфаол ўйинлар, янги лойиҳалар тақдимоти бўлиши кутилмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимизда юқори технологиялар ва инновацияларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари фаоллашаётганидан далолатдир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » “Фаришта инвесторлар” кимлар?