06:28 / 07.01.2019
4 277

Балиқчиликни ривожлантиришнинг фойдаси борми?

Балиқчиликни ривожлантиришнинг фойдаси борми?
Балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талаб йилдан йилга ортмоқда. Шу боис, мамлакатимизда балиқчиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Балиқ етиштирувчи тадбиркорларга бир қатор имконият ва имтиёзлар берилмоқда.

Балиқчиликнинг ривожланиши озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш баробарида, аҳолини балиқ таркибидаги юқори сифатли оқсиллар билан таъминлаш имконини беради. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон учун балиқни истеъмол қилишнинг минимал меъёр миқдори бир йилда бир киши учун 12 килограммни ташкил этади. Бу кўрсаткич дунё миқёсида 1 киши учун 16,6 килограммдир.

Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этиб, янада кенг имкониятлар эшигини очди.

Интенсив усулда балиқ етиштиришни босқичма-босқич йўлга қўйиш ва рағбатлантириш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий қилиш, балиқчилик тармоғини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу ҳужжатда соҳада тўлиқ тизимли (инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлаш) ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этиш истиқболи белгилаб берилди.

Ташкил этилаётган балиқчилик кластерларининг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда улар 2019 йил 1 январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади. Бундан ташқари, 2021 йил 1 ноябрга қадар муддатда наслли она балиқ, балиқ увулдириғи, шунингдек, юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган инкубация, лаборатория, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, анжом, механизмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, муқобил энергия таъминоти ускуналари, мелиорация ишлари учун махсус техникалар ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари, чет эл ташкилотлари ва уларнинг шўъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтириладиган омихта ем ва минерал ўғит (аммофос) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади. Бу балиқчиликни ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.

Балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун “Ипотека банк” томонидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши, тадбиркорлик субъектларига мазкур маблағлар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 50 фоизи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиниши ҳам балиқчилик хўжаликлари учун ўзига хос имконият бўлди.

Яна бир муҳим янгилик, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлган балиқчилик фермер хўжаликларига нисбатан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашига мажбурий аъзолиги татбиқ этилмайдиган бўлди.

Мазкур қарор ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят ва туманларда ишчи гуруҳлари томонидан табиий, суньий, интенсив сув ҳавзалари ва ёпиқ сув айланма тизими бўйича фаолият юритаётган балиқчилик хўжаликлари хатловдан ўтказилиб маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

Ишчи гуруҳлари томонидан шу кунга қадар вилоятдаги 475 та сунъий ва табиий сув ҳавзаларида фаолият кўрсатувчи балиқчилик хўжаликлари хатловдан ўтказилган. Келгуси йилда вилоятдаги барча балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий ва табиий сув ҳавзаларида, интенсив усулда кичик сув ҳавзалари ва ёпиқ сув айланиш тизимларида жами 12 минг тонна балиқ ишлаб чиқариш белгиланган.

Мавжуд хўжаликлар ва янги ташкил этиладиган ҳавзаларда Вьетнам усулини қўллаш ражалаштирилган. Бу усул одатий усулдан тубдан фарқ қилади. Вьетнам технологияси увилдириқларни интенсив усулда етиштириш ҳамда ҳавзаларга юқори тиғизликда ўтказишга асосланган. Бунда балиқларнинг омихта ем сарфига нисбатан ривожланиш суръати юқори, касалликларга чидамли бўлади. Оддий усулда бир гектар ҳавзадан ўртача 15-20 центнер балиқ олинса, Вьетнам технологиясида бу кўрсаткични 150-200 центнергача етказиш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, юрак-қон томир касалликларида, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти сустлашганда балиқ гўшт кони фойда экан. Болалар балиқдан тайёрланган таомларни истеъмол қилиши натижасида кариес, соч тўкилиши, бўқоқ дардларидан фориғ бўлар экан.

Шифокорлар витамин ва минералларга бой ушбу маҳсулотни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этади. Шундай экан, Президентимиз раҳнамолигида балиқчиликни ривожлантириш, қайта ишлаш ва аҳоли ўртасида истеъмолини бир неча баравар кўпайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар миллионлаб кишилар саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Балиқчиликни ривожлантиришнинг фойдаси борми?