Ўзбекистонда крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

  • 23 январь 2019, 22:36
  • 1 431
  • Иқтисодиёт
  • Ўзбекистонда крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг буйруғи билан крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

    Низомга кўра, крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан амалга оширилади.

    Крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия фақат чет эл юридик шахсларига улар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шўъба ёки бошқа корхоналарни очиш орқали берилади.

    Чет эл юридик шахснинг шўъба ёки бошқа корхонаси ўз фаолиятини чет эл юридик шахс номига берилган лицензия асосида амалга оширади.
    Чет эл юридик шахсларининг крипто-биржалар фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган шўъба ёки бошқа корхоналарининг устав капиталларида (фондларида) юридик шахсларни - Ўзбекистон Республикаси резидентларини иштирок этишига йўл қўйилмайди.

    Қуйидагилар крипто-биржа фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

    а) ариза берилган санада пул маблағи шаклида энг кам ойлик иш ҳақининг камида ўттиз минг баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси мавжудлиги, шундан йигирма минг баравари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилади;

    б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларга жойлаштирилган ҳамда мазкур низомда назарда тутилган талабларга жавоб берадиган ишлаб турган электрон крипто-биржа савдо тизими мавжудлиги;

    в) крипто-биржа савдо қоидаларининг мавжудлиги, уларда қуйидагилар кўзда тутилиши шарт:
    - иштирокчиларга крипто-биржа савдоларида иштирок этишга рухсат бериш тартиби;
    - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажарилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар;
    - крипто-активларни муомалага қўйиш ва муомаладан чиқаришга рухсат бериш тартиб-таомиллари;
    - крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби;
    - битимлар тузишда крипто-биржа савдолари иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
    - крипто-биржа хизматидан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва уни белгилаш тартиби;
    - крипто-биржаларда нархлар манипуляцияси ва махфий ахборотдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш чоралари;
    - крипто-активлардан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланишни тақиқлаш;

    г) крипто-активларни уларга бўлган талаб ва таклиф асосида котировкалаш;

    д) мижозларнинг крипто-активлар билан операциялари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, уларнинг идентификация маълумотларини ва мижозлар билан ўзаро муносабатлар бўйича материалларни, жумладан иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаш;

    е) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига амал қилиш;

    ж) крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотларни лицензияловчи орган талаби билан тақдим этиш.
    Лицензия беришни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:
    - лицензия талабгорининг ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;
    - лицензия талабгори тақдим этган хужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;
    - лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига номувофиқлиги.

    Бошқа асосларга кўра, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

    » » Ўзбекистонда крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди