10:57 / 06.07.2019
4 210

Видеоселектор йиғилиши: Энергия ресурслари тарифлари ошади. Энг кам иш ҳақи миқдори ҳам

Видеоселектор йиғилиши: Энергия ресурслари тарифлари ошади. Энг кам иш ҳақи миқдори ҳам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселекторда энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

«Охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тегишли тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага фаол инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.

Шу боис, мутахассислар ва халқ вакиллари фикрларини инобатга олиб, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда тарифларни тартибга солиш бўйича таклиф этилаётган ислоҳотларни аҳолига тўлиқ етказиш зарурлиги таъкидланган. Солиқ ислоҳотларини тарғиб қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари, иқтисодиёт ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари мутасаддилари жойларга бориб, ҳар бир маҳаллада аҳолига тарифлар ўзгаришининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича вазифалар белгиланган.

Маълумот учун, ҳозирги тарифларга кўра маиший истеъмолчилар учун 1 метр куб табиий газнинг нархи 320 сўм, электр энергиясининг 1 киловатти эса 250 сўмни ташкил қилади.

2019 йилнинг 1 июнидан 1 метр куб табиий газ нархи 350 сўмга, электр энергиясининг 1 киловатти эса 280 сўмгача ошиши кутилганди. Кейинроқ Молия вазирлиги нархлар ўзгармаслигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда энг кам иш ҳақи ойига 202 730 сўмга тенг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Видеоселектор йиғилиши: Энергия ресурслари тарифлари ошади. Энг кам иш ҳақи миқдори ҳам