20:46 / 11.10.2019
2 813

Марказий банк раиси: «Инфляция даражаси бошқа давлатларга нисбатан бизда юқори бўлди»

Марказий банк раиси: «Инфляция даражаси бошқа давлатларга нисбатан бизда юқори бўлди»
Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (янги таҳрирда) муҳокамасида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг сенаторлар томонидан берган саволларига жавобларининг оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритилиши ҳамда тўғри талқин қилиниши бўйича изоҳ берди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда жорий йил 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида Сенаторларнинг «Нима учун мамлакатимизда нарх-навонинг ўсиши кейинги ойларда Ҳамдўстлик мамлакатлари ва қўшни давлатлардагига нисбатан ўртача 2-3 баробар ортиқ бўлмоқда» деган саволига Марказий банк Раиси томонидан берилган жавоб айрим манбаларда умумий контекстдан ажаратилган ҳолда нотўғри талқин қилинмоқда, дейилади хабарда.

Шунингдек, Марказий банк раисининг юқоридаги саволга тўлиқ жавоби келтирилади:

«Ҳақиқатдан ҳам охирги икки йилда биз онгли равишда ўша нарсага (юқори инфляцияга) йўл қўйдик, яъни инфляция даражаси маълум бир даражада бошқа давлатларга нисбатан бизда юқори бўлди. Бу нима билан изоҳланади? Энг аввало, бошқа давлатлар 30 йил олдин қилинган бозор тамойилларига ўтишни, биз ҳақиқий ҳаётда охирги 3 йилда амалга оширдик. Яъни, нархларни эркинлаштириш борасида қилинадиган ишларимизни охирги йилларда амалга оширмоқдамиз.

Биз шу пайтгача бошқариладиган нархларни ҳақиқий бозор ҳолатидан келиб чиқиб эмас, аксинча, паст даражада ушлаб туриб, хўжалик юритувчи субъектларга зарарга бўлса ҳам нархни ушлаб турдик, лекин буни бозор кўтармайди. Шунинг учун, бизнинг биринчи қилаётган ишларимиз, бошқариладиган нархларни эркинлаштириш орқали келгуси фаолият учун заминни мустаҳкамлаш учун қилинди.

Иккинчи бир сабаби, бу ҳам объектив сабаб, бизда 27 йилдан сўнг инвестиция чанқоқлиги деган тушунча пайдо бўлди. Ушбу шароитни Мухтарам Президентимиз яратиб бердиларки, ҳудудларда инвестицион фаолликни ошириш — бу мақсад ўз-ўзидан бўлмайди. Албатта, бу қўшимча маблағни, қўшимча ресурсни иқтисодиётга чиқаришни тақозо қилди. Бу, ўз навбатида, банк кредитлари, инвестицион кредитлар давлат ресурсларини чиқариш орқали амалга оширилди.

Бу, ўз-ўзидан иқтисодиётдаги пул миқдорининг кўпайишига олиб келди ва бунинг инфляцияга ўз таъсири бор, у сақланиб қолди. Биз ҳозир бу борада ишлаб, инфляцияни бошқаришни таргетлаш тизимига ўтиш бўйича Президентимизнинг Фармонлари лойиҳасини тайёрладик, бу борада ишлаяпмиз.

Учинчи сабаби, буни ҳам айтиб ўтишимиз керак, бу валюта бозорини эркинлаштириш бўлиб, ҳамма давлатлар валютасини эркин айирбошлашни ташкил қилганда инфляция бир неча баробар ошиб кетган. Бизда унга (валюта сиёсатини эркинлаштиришга қарийб 9 ой) тайёргарлик кўриш орқали амалга оширилиши, инфляцияни унақа 2-3 баробар ошиб кетишига йўл қўймади. Агар, эътибор берадиган бўлсак, валюта курсимиз қарийб 2 баробар ошди, бу ўз-ўзидан нархларни ҳам 2 баробар ошишига асос бўлиши мумкин эди. Йўқ, олиб борилган иқтисоий, пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати нархларнинг ҳаддан зиёд ошиб кетишининг олдини олди.

Энди масаланинг моҳиятига назар солсак, юқори даражадаги инфляция иқтисодиётга ҳам, аҳолига ҳам ўзининг салбий таъсирига эга, шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, биз 2020 йилдан бошлаб бу борадаги Марказий банкка бевосита боғлиқ бўлган ҳамда инфляцияни жиловлаш учун Ҳукуматга боғлиқ бўлган ишларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиққанмиз.

Бу чора-тадбирлар дастурига асосан, мўлжалланган тадбирларимиз амалга ошадиган бўлса, биз 2021 йилдан бошлаб бир рақамли инфляцияга тушиш ва 2023 йилдан бошлаб инфляцияни таргетлаш механизми асосида 5-6 фоизлик инфляцияга эришиш мўлжаллаган. Ўйлайманки, шуни Сизлар билан биргаликда амалга оширадиган бўлсак, бизда ҳам бир рақамлик кичик инфляция даражасига эришиш имкони бўлади», дея қайд этган Марказий банк раиси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Марказий банк раиси: «Инфляция даражаси бошқа давлатларга нисбатан бизда юқори бўлди»