10:38 / 05.05.2020
2 802

Буюк депрессиядан кейинги даврдаги энг кескин қулаш: АҚШ иқтисодиётида 1-чорак якунлари маълум қилинди

Буюк депрессиядан кейинги даврдаги энг кескин қулаш: АҚШ иқтисодиётида 1-чорак якунлари маълум қилинди
Фото: REUTERS/Lucas Jackson/File Photo
Пандемия негизидаги инқироз натижасида АҚШ иқтисодиётида Буюк депрессия йилларидан кейинги даврдаги энг кескин қисқариш кузатилмоқда. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2020 йилнинг биринчи кварталида 4,8 фоизга камайди. Иккинчи кварталда ЯИМ ҳажми 40 фоизгача қисқариши мумкин, деб ёзади Reuters'га таяниб Kun.uz нашри.

АҚШ Савдо вазирлиги берган маълумотга кўра, мартнинг иккинчи ярмидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг кескин пасайгани, миллионлаб америкаликлар ишсизлик нафақасига қараб қолгани натижасида мамлакат иқтисодий кўрсаткичларида пасайиш кузатилган.

Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биринчи кварталида иқтисодий фаолликнинг 2/3 қисмини ташкил этувчи истеъмол харажатлари 7,6 фоизга қисқарди. Импорт ҳажми 15,3 фоизга камайди. Мамлакатдаги компанияларнинг умумий акциялари қиймати 16,3 млрд долларга арзонлашди. Бизнесга инвестиция киритиш ҳажми 8,6 фоизга қисқарди.

Биринчи кварталда ялпи ички маҳсулот ҳажми 4,8 фоизга қисқарган бўлса, иккинчи кварталда 40 фоизгача қисқариши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

«Аксарият штатларда пандемия кайфияти 1 ойдан камроқ кузатилгани ҳолда зарарлар шунча бўлса, офат қамрови кенгайиб бораётган кейинги ойларда вазият янада оғирлашишини айтиш мумкин», дейди MUFG банклар тармоғининг Нью-Йоркдаги филиали бош иқтисодчиси Крис Рупки.

Экспертлар таҳлилларига кўра, ҳозирги кунда америкаликлар бошдан кечираётган иқтисодий тушкунлик 1929-1939 йиллардаги Буюк депрессия давридан бери илк бор кузатилмоқда.

Иқтисодчилар кўплаб мамлакатлар қўллаётган чора – иқтисодий зоналарни қайта очиш пандемиягача бўлган ҳолатга қайтишга ёрдам беришига ишончсизлик билдиришмоқда. Иқтисодий фаолликка қайтишга уриниш вирус тарқалишининг иккинчи тўлқинини келтириб чиқариши, натижада карантин чораларини янада кескинроқ, янада узоқроқ қўллашга тўғри келиши мумкин.

Соҳа мутахассислари прогнозларига кўра, карантин режими тугагандан сўнг ҳам АҚШда кескин иқтисодий ўсишни кутиш нотўғри. Катта эҳтимол билан майда бизнес субъектлари ўз иш фаолиятини буткул тўхтатишига тўғри келади.

Апрель ойи якунига кўра, ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилган 30 миллиондан ортиқ америкалик карантиндан кейин ҳам анча пайтгача иш топа олмаслиги мумкин.

Конгресс юзага келаётган иқтисодий зарарларни қоплаш учун 3 трлн доллар қийматида фискал пакетни қабул қилди. Федерал захира тизими фоиз ставкаларини 0 қийматга туширди. Аммо баъзи иқтисодчилар бу чоралар етарли бўлмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда.

«Инқироз асоратлари узоқ вақт сақланиб қолиши эҳтимоли юқори. 2020 йилнинг биринчи кварталида қайд этилган ва кейинги квартал учун прогноз қилинаётган йўқотишлар ҳажми 2022 йил якунига қадар тикланмаслиги мумкин», дейди ING молиявий конгломератининг Нью-Йоркдаги бош иқтисодчиси Жеймс Найтли.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Буюк депрессиядан кейинги даврдаги энг кескин қулаш: АҚШ иқтисодиётида 1-чорак якунлари маълум қилинди