Гонконгда ҳушини йўқотган такси ҳайдовчисини йўловчилар тўхтатишга уринди (видео)

Хитойнинг Гонконг шаҳрида ҳаракатланаётган такси ҳайдовчиси тўсатдан ҳушини йўқотди. Оқибатда автомобиль ичидаги тўрт нафар йўловчи машинани бошқаришга ва уни тўхтатишга уринди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 28 сентябрь куни туш пайтида Ching Cheung Road йўлида содир бўлган. 66 ёшли ҳайдовчи рулда кетаётиб, тўсатдан ҳушидан кетган. Унинг ҳолатини сезган йўловчилар дастлаб уни уйғотишга ҳаракат қилган, бироқ ҳайдовчи жавоб бермаган.
Шундан сўнг олд ўриндиқда ўтирган эркак рулни бошқаришга уринган, орқа ўриндиқдаги йўловчилардан бири эса қўл тормозини тортишга ҳаракат қилган. Бироқ бошқарувдан чиққан такси йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб, шундан кейингина тўхтаган.
Ҳодиса оқибатида тўрт нафар йўловчининг ҳеч бири жароҳат олмаган. Тез ёрдам ходимлари ҳушсиз ҳолатда бўлган ҳайдовчини касалхонага олиб борган. ОАВ маълумотига кўра, унинг аҳволи оғир бўлган.
Воқеа акс этган видеолавҳалар интернетда тарқалиб, йўловчиларнинг фавқулодда вазиятда автомобилни бошқаришга урингани кўпчилик эътиборини тортди.






























Изоҳлар 0
…