22:33 / 15.06.2021
2 313

Шавкат Мирзиёев БАА вазирини қабул қилди


Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатларини янада кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлигида эришилган бугунги даражани юқори баҳолади.

Муҳаммад ал-Гаргавий, ўз навбатида, давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Халифа Ол Наҳаён, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва БАА Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компанияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар ҳамда қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш, бугун Тошкент шаҳрида очилган Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори офисининг фаолиятини ташкил этиш борасида биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Вазир Муҳаммад ал-Гаргавий БАА инвесторларининг мамлакатимиздаги фаолиятига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун, шунингдек, Ўзбекистон «Дубай Экспо 2021» бутунжаҳон кўргазмасини қўллаб-қувватлаётгани ва унда иштирок этишга тайёрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди.

Амирликлар томони Ўзбекистон Президентининг Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш ташаббусини амалга ошириш доирасида янги лойиҳавий таклифини тақдим этди.

Учрашув якунида Амирликларнинг давлат бошқаруви соҳасидаги, узоқ муддатли янгиланишлар дастурини шакллантириш ва инновацион тараққиёт йўлига ўтиш борасидаги илғор тажрибасини кенг жорий қилишга қаратилган қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Шавкат Мирзиёев БАА вазирини қабул қилди