19:57 / 04.10.2021
2 215

Мингга яқин турк компаниясини Ўзбекистонга олиб кириш режа қилинмоқда

Мингга яқин турк компаниясини Ўзбекистонга олиб кириш режа қилинмоқда
Фото: Kun.uz
Ўзбекистон ишбилармон доиралари Туркиянинг саноат зоналари бошқарувчиси ҳисобланган йирик ташкилот “Остим” билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Ҳамкорлик учрашуви 4 октябр куни Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров тафсилотлар бўйича Kun.uz саволларига жавоб берди.

— 200 минг иш ўрни ваъда қилинмоқда, бунга қандай эришилади?
— Туркиянинг 1000га яқин компанияси Ўзбекистонга таклиф қилинади. Агар саноат зоналарини Туркия қонунлари бўйича ишлайдиган қилиб яратадиган бўлсак, нафақат Туркия, балки Европадан ҳам янги компанияларни жалб қилишимиз мумкин бўлади.

Мана шу йўналишда “Остим” саноат зоналари бошқарувчисининг ўзини оладиган бўлсак, унинг 6200 компанияси бор. Улардан камида 1000 та компанияни Ўзбекистонга жалб қила оламиз. Бу бўйича улар қизиқиш билдириб бўлишган. Шу мингга яқин компаниялар учун шароит қилиб, «Остим» индустриал бошқарувчилари орқали жаҳон стандартларида тайёрлаб берсак, уларнинг Ўзбекистонга келишини таъминлай оламиз.

Ҳисоблаб чиқдик, мингга яқин компанияларда 200тадан ишчи ишлайдиган бўлса, 200 мингта иш ўрни яратилади. Бу – беш йиллик лойиҳа. Янги велосипед ихтиро қилиш ниятимиз йўқ, мутлақо, бу ишлар Туркия тажрибаларига таянган ҳолда амалга оширилади.

— Лойиҳа учун ҳукумат 3та саноат зонасини ажратиб бергани ҳақида айтдингиз, улар қаерда жойлашган?
— Ҳозир бизга танлаш ҳуқуқини беришди. Биринчи саноат зонаси – Тошкент вилояти Юқори Чирчиқда очилаётган мебел кластери. Яна биттаси Андижонда, учинчисини эса танлаш ҳуқуқини олдик.

Ўзимиз шундай қарорга келдикки, битта саноат кластер зонаси ҳозир ривожланиб турган, яна бири ривожланишдан ортда қолиб кетган саноат зонасини танлаб, тажриба алмашинув асосида иш олиб борамиз.

— Лойиҳа учун қанча маблағ сарф қилинади ва маблағ манбалари ҳақида гапирсангиз.
— Лойиҳа учун биринчи манба “Остим” компаниясининг ўзининг инвестицион фонди. Ушбу махсус фонд чет элга борадиган тадбиркорлар учун маблағ ажратишни кўзда тутади.

Иккинчиси, Ўзбекистон ҳукуматининг тўғридан тўғри молиялаштириш фонди. Бу – Тўғридан тўғри инвестициялар фонди. Бу жамғарма орқали тадбиркорларимиз лойиҳаларига мамлакат иқтисоди учун муҳим бўлган йўналишларда 30 фоизгача инвестициялар киритилади. Бунда 5 йилдан кейин ҳукуматнинг лойиҳадан чиқиб кетиш шарти бор.

Учинчиси, турли халқаро молия ташкилотлари ҳам мана шундай лойиҳаларни молиялаштиришга тайёрлигини билдиришган. Бундай ташкилотлардан Малайзия, Бирлашган Араб Амирлиги, Венгриядан талабгорлар бор.

Лойиҳанинг умумий миқдори 1 млрд 200 млн доллар деб баҳоланмоқда. Бу маблағлар беш йил ичида кичик ва ўрта бизнес кесимида ўзлаштирилади. Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш мураккаб масала ҳисобланади. Туркиялик ҳамкорларимизнинг тажриба ва илмларига суяняпмиз.

— Саноат зоналарида 7та кластер ташкил этилиши айтилди, улар асосан қандай бўлади? Яқин бир йилда қайси йўналишда ўзгариш бўлади?
— Ахборот технологиялари (IT), темир йўл, қурилиш, соғлиқни сақлаш (фармацевтика), мебел ва озиқ-овқат саноати бўйича кластерлар тузиш режалаштирилган.

Яқин бир йил ичида мана шу соҳалардан кўпроқ мебел соҳасига урғу берамиз. Бу лойиҳа устида олти ойдан бери ишлаяпмиз. Яқинда мебел саноатида ички бозорда мебел нархлари 20 фоизгача арзонлашини кутяпмиз. Махсус зонада кластер усулида ишлаб чиқаргандан кейин бизнинг таннархимиз тушиши экспорт-рақобатбардошлигимизни орттиради. Экспортимиз ўтган йилга қараганда 8 фоизга ўсган бўлса, бу ўсишни сақлаб қолиш баробарида янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз.
***
Маълумот ўрнида, Туркиянинг “Остим” саноат зонаси 1967 йилда ташкил топган. Зона Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган бўлиб, кичик ва ўрта корхоналарга қаратилган мамлакатнинг энг йирик ишлаб чиқариш саноат зонаси ҳисобланади.

Саноат зонаси 17 сектор ва 139 бизнес йўналишини ўз ичига олиб, унда 6200 компания фаолият юритади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мингга яқин турк компаниясини Ўзбекистонга олиб кириш режа қилинмоқда