Росатом Аккую AES лойиҳасидаги улушини сотишга тайёрланмоқда

Росатом Туркиядаги Аккую атом электр стансияси лойиҳасидаги улушининг бир қисмини ташқи инвесторларга сотиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. 2010-йилдаги Россия-Туркия ҳукуматлараро келишувига кўра, Россия томонининг улуши 51 фоиздан кам бўлмаслиги, қолган 49 фоизлик улуш эса хорижий ёки маҳаллий инвесторларга сотилиши мумкин.
Россиянинг Росатом давлат корпорацияси Туркиядаги Аккую атом электр станцияси лойиҳасидаги ўз улушининг бир қисмини ташқи инвесторларга сотиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Известия нашри тарқатган маълумотларга кўра, ушбу қадам йирик энергетика объектини молиялаштириш жараёнини енгиллаштиришга қаратилган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
2010-йилда тузилган Россия-Туркия ҳукуматлараро келишувига биноан, Россия томонининг станция ҳаётий сиклидаги улуши 51 фоиздан кам бўлмаслиги шарт. Қолган 49 фоизлик улуш эса хорижий ёки маҳаллий инвесторларга сотилиши мумкин. Аккую AESининг хизмат қилиш муддати 60 йилни ташкил этиб, уни яна узайтириш имконияти ҳам мавжуд.
Лойиҳага қизиқиш билдирган инвесторлар
Росатом охирги бир неча йил давомида мазкур активларни ўтказиш бўйича қатор уринишларни амалга ошириб келмоқда. Дастлабки босқичда туркиялик ишбилармон Ахмет Чалик асосий даъвогарлардан бири бўлган эди, бироқ унинг холдинги молиявий қийинчиликларга дуч келган. Шундан сўнг Синер Ҳолдинг раҳбари Тургай Жинер лойиҳага киришни режалаштирган, бироқ ҳокимият билан юзага келган зиддият сабабли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.Бундан ташқари, 2017–2018-йилларда 49 фоизлик акцияларни сотиб олиш ниятида Сенгиз-Колин-Калён консорциуми ҳам ҳаракат қилиб кўрган, аммо бу битим ҳам охиригача етмаган. Ҳозирги кунда Росатом мазкур улушни битта яхлит пакет сифатида ёки бир нечта компанияларга бўлиб сотиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Бунда барча ҳаракатлар Туркия томони билан қатъий мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилади.
Станциянинг аҳамияти ва келгуси режалар
Мутахассисларнинг фикрича, 49 фоизлик улушнинг сотилиши Россия томонининг молиявий юкини сезиларли даражада камайтиради. Аккую AESи ҳар бирининг қуввати 1200 МВ бўлган рус дизайнидаги ВВEР-1200 авлодига мансуб тўртта энергетик блокни ўз ичига олади. Барча блоклар тўлиқ ишга туширилгач, станция йилига тахминан 35 миллиард кВ·соат электр энергияси ишлаб чиқаради.Янги атом станцияси Туркия умумий эҳтиёжларининг 10 фоиздан ортиғини қоплаш имконини беради. Бу эса мамлакатнинг газ, кўмир ва нефт импортига бўлган қарамлигини сезиларли даражада пасайтиради. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ станциянинг биринчи энергетик блокида электр энергияси ишлаб чиқаришни жорий йил якунига қадар бошлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.






























Изоҳлар 0
…