18:26 / 22.04.2022
906

Қашқадарёда томорқадан фойдаланишни яхшилаш учун қўшимча 10 млн доллар маблағ ажратилади

Қашқадарёда томорқадан фойдаланишни яхшилаш учун қўшимча 10 млн доллар маблағ ажратилади
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 2022 йилда қиймати 7,4 триллион сўмлик 524 та лойиҳани амалга ошириб, 286 мингта янги иш ўринлари яратишни таъминлаш керак. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дарё».

Бунинг учун оборотдан чиққан 40 минг гектардан ортиқ ерлар қайта фойдаланишга киритилади. Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Қамашида 20 минг гектар, 2022 йилда шундан 10 минг гектар анорзорлар барпо қилинади.

Шунингдек, 2022 йили вилоятда ўртача ҳосилдорлик пахтада – 40 центнер, ғаллада – 75 центнергача етказилиши керак.

Масъулларга вилоятдаги ҳар бир пахта кластерлари ва фермер хўжаликлари ўзининг дала четларига тут ва ток кўчатлари ҳамда сабзавот экинлари экишни ташкил қилиши бўйича топшириқ берилди. Пахта кластерлари даромадининг бир қисмини ажратган ҳолда, вилоятдаги сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида бериб, таъмирлаш ва сақлаш харажатларини молиялаштиришнинг янги тизимини жорий қилиш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, мутасаддиларга бир ой муддатда Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 25 минг гектар ерларни сув билан таъминлаш учун 365 миллиард сўмлик «Аёқчисой» сел сув омборини қуриш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Йил якунига қадар 5 минг гектардан янги боғлар ва узумзорларни барпо этиб, боғлар умумий майдонини 30 минг гектарга, узумзорларни 20 минг гектарга етказиш зарурлиги айтилди.

Фермерлар кенгаши жамғармасидан 35 миллиард сўм ажратиб, Узоқов билан бирга Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Қарши туманларининг ҳар бирида камида мингтадан хонадонда ихчам иссиқхоналар ташкил этиш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, вилоятда томорқадан фойдаланишни яхшилаш учун қўшимча 10 миллион доллар маблағ ажратилади.

Чорвачилик ва паррандачилик йўналишида 870 миллиард сўмлик 270 та лойиҳа ишга туширилади. Масъулларга, шунингдек, 2022 йилда чорвачилик хўжаликлари томонидан ҳар бир туманда 100 тадан хонадонга кооперация усулида чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш учун харид қилишни йўлга қўйиш кераклиги айтилди.

Андижон тажрибаси асосида аҳоли хонадонларига 1 миллион 200 минг бош хонаки парранда тарқатиш ишларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Қашқадарёда томорқадан фойдаланишни яхшилаш учун қўшимча 10 млн доллар маблағ ажратилади