
Савдо зонаси афғон бизнес эгаларига визасиз алоқа ўрнатиш ва савдо қилиш имконини беради. Афғонистон маҳсулотлари ҳам ўзбекистонлик савдогарларга тақдим этилади.
«Ariana News» нашрининг расмийларга таяниб хабар беришича, савдо зонаси Афғонистоннинг Балх ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги чегарадош ҳудудида икки ой ичида ташкил этиш режалаштирилган. 120 гектар ер ўзлаштирилади ва унинг қиймати 75 миллион долларни ташкил қилади.
Маълумот ўрнида: Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва афғон ишбилармонларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йили қўшма савдо ҳудудини ташкил этиш режаси имзоланган.
Таъкидланишича, Балх вилоятидаги бир қатор ишбилармонлар ушбу зонанинг ташкил этилишини мамлакат иқтисодиёти учун умид ойнаси деб билади.
«Ушбу бозорнинг ташкил этилиши ҳар икки давлат учун ҳам фойдали, у ишбилармонлар бизнесини ривожлантиришда давом этади. Бу ҳудуднинг ташкил этилиши билан икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланади», — деган афғонистонлик инвестор Миванд Зиёий.
«Қўшма савдо ҳудуди ташкил этилаётганидан жуда хурсандман ва бу қўшни давлатлар ўртасидаги яхши муносабатлардан далолат беради. Биз бу алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Чунки бу зонанинг яратилиши икки давлат миллий бизнеси учун фойдали», — дейди яна бир инвестор Афзал Давлатзоий.
«Иқтисодий жиҳатдан у савдо соҳасида муҳим ва асосий ўрин тутади. Ўзимиздаги маҳсулотларни шу бозорда сотишимиз мумкин. Иқтисодий фаолият қаерда бўлмасин, унинг фойдаси ҳар икки давлатга ҳам, одамларга ҳам, иқтисодиётга ҳам етиб бориши табиий», — таъкидлаган Балх вилоятида яшовчи Султон Муҳаммад Тохий.
Балхдаги маҳаллий расмийлар ҳам қўшма савдо ҳудудининг ташкил этилиши икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантиришга олиб келишини айтмоқда.
«Афғонистон ва Ўзбекистон чегараси ўртасида қўшма савдо ҳудуди ташкил этилади ва бу қўшма ҳудуд маданият, ижтимоий алоқа ва иқтисодий соҳага яхши таъсир кўрсатади», — деган Балх ахборот ва маданият бўлими раҳбари Забиҳуллоҳ Нуроний.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар