
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, 2022 йилги мавсум учун Ўзбекистон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 21 379 та терим отрядлари шакллантирилиб, уларга 1 959 702 нафар теримчилар бириктирилган.
Отрядлардаги теримчилар 605 136 нафари пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ишчилари бўлса, 1 269 676 нафари маҳаллий аҳоли ва мавсумий ишчилар, 64 972 нафари эса бошқа ҳудудлардан жалб қилинган теримчилар ҳисобланади.
Бундан ташқари, терим отрядларига 11,4 минг дона теримчиларни ташиш воситалари (автоуловлар), 17,7 минг дона транспорт тракторлари, 30,7 минг дона тиркамалар бириктирилган ҳамда талаб этиладиган инвентарлар (этак, тарози, қозон – ўчоқ, самовар, сув сақлаш баклари, тиркамалар учун ёпинчиқлар) захираси яратилган.
Пахта йиғим-теримини ғўза пишиш ҳолатидан келиб чиқиб, яъни пахтани камида 70-75 фоиз очилтириб бошлаш тавсия этилади. Жойлардан олинган таклифларга асосан ҳудудларда пахта йиғим-теримига оммавий киришиш 10 сентябрдан бошланган ва 10 октябргача биринчи терим тўлиқ якунланиб, иккинчи теримга ўтилади.
Терим отряди пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мақсадида кўнгилли теримчилар томонидан ташкил этилган бирлашган жамоа ҳисобланади. Теримчилар эса пахта ҳосилини қўл терими асосида йиғиб-теришда бевосита ихтиёрий асосда қатнашувчи шахслар, хусусан:
- фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, яъни пахта етиштирувчи хўжаликлар ходимлари;
- кўнгилли, 18 ёшдан катта, муайян меҳнат билан банд бўлмаган ишга лаёқатли вақтинча ишсиз, айрим ҳолларда меҳнат ресурслари етмаган ҳудудга бошқа ҳудудлардан келиб ҳақ эвазига теримда иштирок этиш истагини билдирган жисмоний шахслардир.
Бир нафар теримчига мавсумда ўртача 1,5 тонна пахта териш ҳисоб-китоб қилиниб, пахта йиғим-теримига жалб этилади. Терим отрядлари раҳбарларига эса пахта йиғим-терими якунига қадар ойлик маош сифатида меҳнат ҳақи бериб борилади. Пахта йиғим-теримида иштирок этадиган теримчилар терган пахтаси учун терим пуллари ҳар беш кунда зарурат бўлганда тўлаб берилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар