
Сурхондарёда уч нафар фуқаро шифокорни калтаклади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аниқланишича, 27 октябрь куни соат 15:20 да Ангор тумани тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимида ит тишлаган беморни тиббий кўрикдан ўтказаётган шифокор Ж.Э.нинг ҳузурига 3 нафар фуқаро саломатлиги тўғрисида маълумотнома ёзиб беришини сўраб келган.
Шифокор уларга қабулидаги беморга ёрдам кўрсатаётганини, маълумотномани эса шундан сўнг ёзиб беришини айтган. Бундан норози бўлган фуқаролар шифокор Ж.Э.ни аёвсиз дўппослаб, унга жиддий тан жароҳати етказган.
Ўтказилган тиббий текширувлар давомида шифокор Ж.Э.га бош мия ёпиқ жароҳати, оғиз пастки лаб юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг сон юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тери ости гематомаси, қорин бўшлиғи аъзолари лат ейиши, кучли қонталаш ташхиси қўйилган.
Ҳозир тиббиёт ходимига тажовуз қилган ушбу фуқароларга нисбатан Ангор тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар