14:50 / 13.12.2022
2 209

Жасур Рафиқовнинг онаси Сардор Раҳимхон унинг даволаниши учун 25 минг доллар бермоқчи бўлгани ҳақида айтди

Жасур Рафиқовнинг онаси Сардор Раҳимхон унинг даволаниши учун 25 минг доллар бермоқчи бўлгани ҳақида айтди
Фото: Instagram / @shoxrux_ummon_
«Дарё» интернет нашрининг YouTube’даги каналида «Уммон» гуруҳи хонандаси Жасур Рафиқовнинг онаси Ноила Рафиқова билан суҳбат ташкил этилди. У ўғлининг саратон касаллигига чалиниши, нега Сардор Раҳимхоннинг таклифини рад этгани ҳақидаги саволларга қуйидагича жавоб берди.

— Шаҳар онкология касалхонасига текширтиргани борсак, таҳлилларни Ҳиндистонга жўнатиш кераклигини айтишди. У ердан таҳлил натижалари 15 кунда келар экан. Жавоблар келгунига қадар бошидаги кесилган жароҳат янада шишиб бораверди. Кейин укам онколог танишига олиб борди. У шифокор урология соҳасида фаолият юритар экан. «Сени бошингга қарашмасам, томоғингни текширишсин», деди. Шу кунгача унинг томоғига эътибор бермаган эканман. Бўқоғи шишиб кетган экан.

Шаҳар онкологиясидаги баъзи шифокорлар «Бунга энди ҳеч нарса ёрдам бермайди», дейишди. Уларни шифокорга эмас, қассобга ўхшатгандим. Укам таниш топиб Жасурни Республика онкология касалхонасига олиб ўтди. «Шунча вақтни ўтказибсизлар, эртароқ шу ерга олиб келмайсизларми?» дейишди. У ерда ҳамма нарса бепул экан. Шифокорлар тўрт марта кимё терапия олиши кераклигини айтишди.

Ўзимизда барча таҳлилларни текширадиган аппаратлар бор экан. Аммо шаҳар онкологияси бизни сарсон қилиб, таҳлилларни Ҳиндистонга юбориш кераклигини айтишди. Ўн беш кунда ҳаёлимдан нималар ўтганини тасвирлаб беролмайман. Оёғим тагидаги ер узилгандек бўлди. Ўғлим ҳамиша тасалли бериб: «Она сиз сиқилманг, бу Аллоҳнинг менга берган синови. Мени суйгани учун бу дардни берди», дерди.

Бу касаллик суякларда авж оларкан. Текширув натижасида елка ва умуртқаларида ҳам борлигини аниқлашди. Бошидаги шиш очилгани учун у авж олиб кетди. Тўртинчи кимё-терапияни олганидан кейин аҳволи анча яхшиланди. Ўлим соатига қадар Аллоҳнинг номи тилидан тушмади. Ақл-ҳуши жойида, хушсурат бўлиб оламдан ўтди, — дейди Ноила Рафиқова.

Ноила Рафиқова
Ноила Рафиқова оғир кунда уни қўллаб-қувватлаган дўстларига миннатдорлик билдириб ўтди.
— Ўғлим қисқа умр кўрган бўлса ҳам қиёматли дўстлар орттирган экан. Уни қўллаб-қувватлайдиган инсонлар кўп эди.

Шоҳруҳ ёки Фаттоҳ кечга яқин «Нима овқат егинг келяпти», деб «смс» ёзишарди. Айтган овқатини олиб келиб, соатлаб ёнида ўтиришарди. Дилфуза Исмоилованинг ўғли Сардор Исроилов ҳам вақт топди дегунча ёнига келарди. «Ака тезроқ соғайиб кетсангиз, сизга ёққан машинамни совға қиламан», дерди.

Зоҳид аварияга учрагандан кейин Шоҳруҳ Instagram орқали «Икки дўстимни ҳам дуо қилинглар», деганидан кейин Жасурнинг касаллиги кўпчиликка ошкор бўлди. Эртасига «Ўзбекконцерт»дан ҳам келиб хабар олишди. Улар зарли бежирим қутига солинган «Ёрлиқ» олиб келишибди. Ўғлим мана шу бир парча қоғоздан ҳам кўнгли кўтарилиб қувониб кетди.

Бир куни ҳолсиз бўлиб ўтирганида уйимизга Сардор Раҳимхон келди. Шоҳруҳ Жасурнинг касал эканлиги ҳақида айтган экан. Сардор Раҳимхон кайфиятини кўтариб, узоқ вақт суҳбатлашиб ўтирди. Ўшанда Ҳиндистонга олиб бориши ҳақида айтганди.

Бир неча кундан кейин ёрдамчиларидан бири келиб, сафар учун ҳужжатларни тайёрлашини айтди. Жасур роса хурсанд бўлди. Сафар ҳаражатларини сўрасам кулиб «Пулингиз борми?» деб сўради. «Ҳа 2000 АҚШ долларим бор, яна керак бўлса қарз оламан», десам «Жасур акамнинг ҳаражатларидан ҳавотир олманг, уларга тахминан 25000 АҚШ доллари кетади», деди.

Шоҳруҳ дўстини етаклаб, хорижга чиқиш паспортини олиш учун олиб борди. Жасур ҳолсизлигидан аранг юрарди. Паспортларни тайёр бўлганида негадир Жасур фикридан қайтди. «Она нима бўлса бўлди, кетмайман», деди. Ўшандаёқ кўнгли ниманидир сездими «бормайман» деб оёқ тираб туриб олди, — дейди Ноила Рафиқова.

Жасур Рафиқов болаликдаги дўсти Зоҳид Рисқиевнинг даҳшатли автофалокатга учрагани ҳақидаги хабарни эшитиб, саломатлиги яна да ёмонлашди. Бу ҳақида онаси Ноила Рафиқова қуйидагиларни сўзлаб берди.

— Автофалокат содир бўлган тун қариндошимизнинг тўйида эдим. Эрталаб келсам Жасур қовоғини уйиб олган, кўриниши ҳам бир аҳволда. Ўша куни Жасурнинг туғилган куни эди. Пешанасидан ўпиб, табрикласам ҳам чеҳраси очилмади. «Ёнингда бўлмаганим учун хафа бўлдингми?» дедим. У бошини чайқаб «Эшитмадингизми? Зоҳидни...» деди.

Кейин билсам 29 сентябрь куни Зоҳид аварияга учраган экан. Ўғлим ўзи бир аҳволда бўлса ҳам дўстидан хавотир оларди. Зоҳид оилада ёлғиз ўғил ва боқувчи бўлгани учун «Она яхши бўлиб кэтсин. Бўлмасам Лола опа (Зоҳиднинг онаси)га қийин бўлади», дерди.

Мана шу воқеадан кейин яна саломатлиги ёмонлашди. Ўйлаб қарасам баъзи инсонлар бақириб дардларини ташқарига чиқарар экан. Жасур индамай ичига ютиб юраверар экан. Ўшанда вақтида одам бақириб туриши ҳам керак экан, деб хаёлимдан ўтказгандим, — дейди Ноила Рафиқова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жасур Рафиқовнинг онаси Сардор Раҳимхон унинг даволаниши учун 25 минг доллар бермоқчи бўлгани ҳақида айтди