date
views 170

Шавкат Мирзиёев: «Туризм экспортини 3-4 баробар оширсак, пахта экмасак ҳам бўлаверади»

Фото: ЎзЛиДеП

Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашув чоғида келгуси етти йилда туризмни ривожлантиришга оид режалар ҳақида тўхталди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ички авиарейслар сони оширилади, сайёҳларга «tax-free» жорий қилиниб, тур-операторларга солиқ имтиёзлари берилади. Шунингдек, мамлакат бўйлаб қатнайдиган автобус компаниялари ташкил этилади.

«Туризм соҳасида яратилган 1 та янги иш ўрни бошқа соҳаларда яна 2 та иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради. Очиқ айтадиган бўлсак, жазирама иссиқ ва изғирин совуқда, ҳаммани пахтага мажбурий сафарбар этган йилларда ҳам, Ўзбекистон пахта толасининг экспорти 1 миллиард доллардан ошмаган.

Ҳозирги кунда туризм экспорти бу маррадан ошиб ўтди. Агар уни 3-4 баробар оширсак, жайдари қилиб айтганда, пахта экмасак ҳам бўлаверади», деди Мирзиёев.

Унинг туримзга оид режаларида:

— барча халқаро аэропортларда хорижий туристларга Ўзбекистонда сотиб олган маҳсулоти учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш йўлга қўйиш;

— хориждан турист олиб келган тур-операторларга экспортчи корхоналар каби, қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтариб бериш;

— тур-операторлар транспортига шаҳардаги туристик маршрут ва объектларга бориш учун қулай ҳаракатланиш шароитлари таъминлаш;

— чет элдан олиб келинган туристик транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиғини 3 йил ичида фоизсиз ва бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш мақсад қилинган.

Номзодга кўра, ички туризмни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиш ортидан 2030 йилга бориб камида 25 миллион аҳоли мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши учун барча имкониятлар ишга солинади.

Хусусий шериклик асосида:

  • водийдан Тошкент, Нукус, Бухоро ва Урганч шаҳарларига кунлик авиарейслар кўпайтирилади;
  • мамлакатимиз миқёсида шаҳарлараро автобус қатновини таъминлайдиган компаниялар ташкил этилади;
  • водийнинг туман ва шаҳарларини боғловчи «Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси», Хоразм ва Қорақалпоғистон бўйлаб «Қалъалар ҳалқаси» каби янги туристик йўналишлар очилади;
  • яхши қўшничилик сиёсатини давом эттириб, Наманганда Нанай ва Фарғонада Шоҳимардон ҳудудларининг туризм салоҳияти тўлиқ ишга солинади;
  • ҳудудларда яна 4 мингта меҳмонхона, меҳмон уйлари ва ҳостеллар ташкил этилиб, меҳмон ўринлари сони камида 2 баробар оширилади (120 мингдан 250 мингга).

Ногиронлиги бор шахслар учун эса «Тўсиқсиз туризм» дастури ишлаб чиқилади. Бунда:

  • ҳар бир вилоятдан йилига 1 минг нафардан ногиронлиги бўлган шахсларнинг Самарқанд, Бухоро ва Хивага бепул саёҳатлари ташкил қилинади;
  • келгуси икки йилда 200 та маданий мерос ва 100 та концерт-томоша объектлари, аэропорт, авто ва темир йўл вокзалларида зарур инфратузилма яратилади.

«Бу дастурни амалга ошириш учун ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилиб, умуман, туризм лойиҳаларига 2030 йилга қадар 2,5 миллиард доллар инвестициялар йўналтирилади», деди Шавкат Мирзиёев.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: «Туризм экспортини 3-4 баробар оширсак, пахта экмасак ҳам бўлаверади»