Фанлар академияси Сейсмология институти томонидан ишлаб чиқилган кучли зилзилалар тўғрисида барвақт хабардор қилиш услубиёти асосида миллий тизим тест режимида ишга туширилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази бошлиғи Қаҳрамон Қўчқоровнинг маълум қилишича. кучли зилзилаларни қайд этувчи акселерометрлар Фарғона, Наманган, Андижон, Жиззах, Самарқанд, Бойсун, Нурота, Газли, Пачкамар станцияларига ўрнатилди.
Сейсмик станцияларда акселерометрлар МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори балли зилзила кучи қайд этилганда сейсмик маълумотлар сейсмик станциялардаги махсус дастурлар орқали автоматик тарзда таҳлил қилинади ҳамда зилзиланинг Тошкент шаҳрига етиб келиш вақти бўйича махсус хабар келади.
Ўрганиш натижаларига кўра, республикада кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизимини 3 босқичда амалга ошириш белгиланди:
1-босқич - 2023 йилда Фанлар академияси Сейсмология институти томонидан ишлаб чиқилган кучли зилзилалар тўғрисида барвақт хабардор қилиш услубиёти асосида миллий тизимни тест режимида ишга тушириш;
2-босқич - 2024 йилда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинган 40 дона акселерометрларни сейсмик фаол зоналарга ўрнатиш, сейсмик станциялар сонини 100 тага етказиш ҳамда қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ўзаро англашув меморандумлари асосида станциялар маълумотларини тўғридан тўғри алмашиш ҳамда Марказий Осиё кучли зилзилаларни қайд этиш тармоғини яратиш;
3-босқич - 2025 йилларда жамғарма маблағлари ҳисобидан янги акселерометрлар харид қилиш ҳамда сейсмик кузатувлар тармоғи станциялари сонини 200 тага етказиш шунингдек, кучли зилзилаларни қайд этиш тармоғини Халқаро кузатувлар тармоғига интеграциялаш ҳамда Германиянинг Seiscomp дастурий таъминоти ёрдамида эрта огоҳлантириш тизимини тўлиқ ишга тушириш.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг