Швеция ва Финландиядан кейин НАТО аъзоси Дания АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида битим тузди. Тегишли ҳужжатлар 21 декабр куни Вашингтонда Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен томонидан имзоланди.
Келишув АҚШга Дания шимолида аскар ва ҳарбий техника жойлаштириш имконини беради. Шунингдек, америкаликлар Дания ҳарбий-ҳаво кучларининг учта базаларига – Каруп, Албург ва Скридструпдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Расмуссен бу нафақат Дания, балки Европа ва трансатлантика хавфсизлигини ҳам мустаҳкамлашига ишонч билдирди.
Вашингтон ва Копенҳаген ўртасидаги шартнома Фарер ороллари ва Гренландияга тааллуқли эмас, улар асосан ўзини ўзи бошқарадиган ҳудудлардир.
АҚШнинг Европадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш
«Уруш, можаро ва ишончсизлик даврида АҚШнинг Европадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш муҳим. Дания ва Европа масъулиятни ўз зиммасига олиши керак ҳамда биз бу келишувни тузиш орқали шундай қиляпмиз», - дея таъкидлади Ларс Лёкке Расмуссен. Энтони Блинкен, ўз навбатида, Дания Россиянинг Украинага қарши уруши «стратегик муваффақиятсизлик» бўлишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда етакчи рол ўйнашини таъкидлади.
Битим ҳар икки давлат қонун чиқарувчи органлари томонидан маъқуллангандан кейингина кучга киради. Дания бунга эришиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиши керак бўлади. Бу борадаги ишлар келгуси йилда бошланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!