19:39 / 01.02.2024
2 291

“Оғзингга қараб гапир, бўйнингни юлиб оламан” — Юлдуз Усмонова айрим психологларни фирибгарликда айблади

“Оғзингга қараб гапир, бўйнингни юлиб оламан” — Юлдуз Усмонова айрим психологларни фирибгарликда айблади
Фото: “Дарё”
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг айрим психологларга нисбатан айтган танқидий фикрлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

— Сен нима деяпсан, оғзингга қараб гапиргин. Бўйнингни юлиб оламан. Агар Қуръони каримни ўқиб, шундай ишлар қилаётган бўлсангиз, бу сизнинг муаммойингиз. Рўмол ўраб туриб, мусулмонларнинг муқаддас китобини ёмонлаб ўтирганларнинг кимлигини биламан. Рўмолга ёпиниб исломга қарши ишлаётганларни ҳам биламан. Рўмолингни ечиб, бу ердан йўқол. Христиан ҳам рўмол ўрайди. Сенинг гапларинг телба-тескари. Аброр Мухтор Али жуда тўғри гапларни гапирди. Тўғри гапнинг тўғрилигини айтиш керак. “Любой” психологни олиб келинг, фирибгар эканлигини бўйнига қўйиб бераман. Эринг домла, сен фолбин бўлиб Қуръони каримни бошқа китоблар билан аралаштириб гапирсанг. Одамлардан 37 миллион сўмдан олсанг, у пулни сенга эмас, етим-есирларга берса бўлмайдими? Бу масалада давлатимизга мурожаат қиляпман, бу масалага чора кўрилиши керак, — дейди хонанда Instagram тармоғида бўлган жонли суҳбатда.

Хонанданинг бу фикрлари ижтимоий тармоқларда “айлангач”, журналист Сарвар Баҳодиров психолог Шоира Исоқова билан интервью ташкиллаштирди. Психолог сифатида хонанданинг фикрларига қандай муносабатда эканлигини сўради.

Фото: Instagram
— Бугунги кунда психология соҳасини бизнесга айлантириб олганлар жуда кўп. Қўлида бирорта ҳунари бўлмасдан уйда ўтириб, бекорчиликдан ўзидан психoлог, психогенетик ва изотерик ясаб олганлар ҳам жуда кўп. Аслида психология ҳазиллашиб шуғулланадиган соҳа эмас. Бу жуда жиддий илм. Баъзан ижтимоий тармоқларда “Бизга Қуръони карим бўлса бас, психология керак эмас”, деб ёзишади. Унда сизга стоматолог ва невропатолог каби соҳалар ҳам керак бўлмаслиги керак. Чунки психология ҳам мана шулар қаторидаги катта йўналиш ҳисобланади. Бугунги кунда хорижда психологиянинг 300 дан ортиқ йўналиши бўлса, бизда бор-йўғи 10-12 та ишлайди холос. Юлдуз Усмонова ҳақ, мен психогенетикларнинг қабулига бориб, ўзини айбдорлик ҳисси билан ота-бобомнинг қилган гуноҳлари учун мен жавобгарман деб депрессияга тушиб қолган кўп инсонлар билан ишлаяпман. “Ҳозирги ҳаётингда кимларнингдир хатоси учун жавоб беряпсан”, деган нотўғри талқин бор. Бу нотўғри тушунча. Чунки инсон ҳар бир ташлаган қадами ва ҳаёти учун ўзи жавоб беради.

Юлдуз Усмонованинг баъзи гапларига қўшилмайман, ҳамма психологларга бирдек тош отиб қўйди. Бизда ҳақиқий илм олган психологлар ҳам бор, хонанда гапи билан ҳўл-у қуруқни бирдек ёқиб қўйди. Шахсан мен 25 йилдан буён шу соҳада изланишлар олиб бораман, шу боис Юлдуз Усмоновага ўз эътирозларимни билдирдим.

Мен ўша психологларнинг бир соатлик қабули пулига қизиқиб кўрдим. Бириники 12 миллион сўм, ҳатто баъзи сохта психологлардан маслаҳат олиш учун 37 миллионгача ҳам пул сарфлашар экан. Қандай қилиб, бугун психологик ёрдамга муҳтож бўлиб турган одамдан бунчалик кўп пул талаб қилиш мумкин? 100-200 АҚШ долларини олдиндан пластик картасига ташласангиз, кейин вақтини белгилаб, онлайн консултация қиладиганлари ҳам бор экан. Қайси китоб асосида бемор билан шуғулланасиз, десангиз жавоб беришолмайди. Гўёки улар бир соат ичида инсондаги бор муаммони ҳал қилиб берадигандек гапиришади. Бу имконсиз, психологик муаммолардан бунчалик қисқа вақт ичида қутулиб бўлмайди.

Яқинда бир инсон сохта психолог қабулига борганда “Сизга ота-онангизнинг бахтсизлиги ўтяпти. Улардан воз кечинг”, дебди. Қанақасига инсон ота-онасидан воз кечиши мумкин, бу гап ислом динига ҳам тўғри келмайди-ку. Биттаси ижтимоий тармоқлар орқали чиқиб “Сизнинг пулингиз йўқми, демак, отангиздан хафасиз. Ёки қайсидир аждодингизнинг қилган гуноҳи учун жавоб беряпсиз”, дейди. Балки, пулсизликнинг сабаби инсон ўз устида ишламаслиги билан боғлиқдир. Нега инсон хатоларни ўзидан эмас, ўтиб кетган аждодларидан излаши керак? — дейди психолог Шоира Исоқова.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият