21:35 / 13.11.2024
27

Эрон бозори Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга қизиқиш билдиряпти

Эрон бозори Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга қизиқиш билдиряпти
Кеча, 12 ноябр куни Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказди.

Қизиқарли ўтган мулоқот давомида элчи Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритди ҳамда дунёда кечаётган воқеаларга ўз муносабатини билдирди.

Элчи, жумладан, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида тўхталиб, тадбиркорлар ва инвесторларнинг Эрон ва Ўзбекистон бозорлари билан янада яқинроқ танишишлари, улар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлишини таъкидлади.

Қайд этилишича, Эрон Ўзбекистон ташқи савдосида 18-ўринда туради ва мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, бу борадаги кўрсаткични 10-ўринга олиб чиқиш мумкин.

Эронлик тадбиркорларнинг Ўзбекистондаги иштироки илгариги 2 кўргазмадан ҳозирги 10 кўргазмага етди. Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг «IranExpo» кўргазмасидаги иштироки эса олдинги 4 нафардан ҳозирги 80 нафарга етди. Бу тадбиркорларимизнинг ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган интилишларини кўрсатади.

«Шубҳасиз, Эрон Ўзбекистон учун энг арзон ва энг қисқа транспорт коридори бўлажак. Биз бу борада ўзбек биродарларимизга энг кўп ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз.

Деярли барча фан соҳаларида, хусусан саноат соҳасидаги билимларда жаҳоннинг илк 15 давлати жумласига кирамиз. Шунга кўра, техник-муҳандислик хизматларини муносиб нархларда ва юқори сифатда кўрсата оламиз.

Аксарият Эрон товарларини муносиб нархларда ва юқори сифатларда Ўзбекистон учун етказиб бериш имконияти бор. Эрон бозори ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга қизиқиш билан қарайди.

Мамлакатимиз эҳтиёжлари учун керак бўлган дори-дармоннинг 90 фоизини ўзимиз ишлаб чиқарамиз, озиқ-овқатнинг 95 фоизини ўзимиз қайта ишлаймиз. Шунга кўра, биргаликда товар ишлаб чиқариш, ички бозордан ташқари учинчи мамлакатларга ҳам экспорт қилиш имкониятига эгамиз
», – дейди Муҳаммадали Искандарий.

Элчи, шунингдек, Эрон томони Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш ҳамда балиқ, чорва ва парранда маҳсулотлари, ўғит ва қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Матбуот анжуманида икки томонлама сиёсий алоқалар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Эрон президенти Пезешкиённинг илк имокният туғилиши биланоқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашгани қайд этиб ўтилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар 1992 йилдан бошланган бўлиб, Тошкентдаги Эрон элчихонаси ҳам ўша йили очилган эди. 1995 йилда эса Теҳронда Ўзбекистон элчихонаси фаолияти йўлга қўйилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эрон бозори Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга қизиқиш билдиряпти