06:50 / 18.01.2025
529

Ижтимоий карта: У қанақа карта ва кимларга берилади?

Ижтимоий карта: У қанақа карта ва кимларга берилади?
Ижтимоий карта нима?

Бундан кейин ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ва ёрдам олиш учун туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатларни кўтариб юриш шарт эмас.

Уларнинг ўрнини босадиган битта – ижтимоий карта жорий этилиб, тажриба сифатида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида одамларга берила бошлади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, айни пайтда қуйидаги 9 турдаги тўловлар ушбу карта орқали бериляпти:
  • кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси;
  • кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам;
  • ёшга доир нафақа;
  • ногиронлик нафақаси;
  • ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойлик моддий ёрдам;
  • ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақалари;
  • ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар учун нафақа;
  • протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари хариди учун ваучер; боқувчисини йўқотганлик нафақаси.

2025 йилнинг 1 апрелидан булар қаторига яна 2 турдаги ижтимоий тўловлар — ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, шунингдек, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар қўшилади.

Ижтимоий карта функциялари босқичма-босқич кенгайтириб борилади. Кейинчалик карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш ҳам мумкин бўлади.

Нега ижтимоий карта жорий этиляпти?

Ижтимоий карта нафақат ижтимоий ёрдам олиш ва имтиёзлардан фойдаланишни осонлаштиради, балки давлат учун ҳам харажатлар арзонлашади, бюрократия камаяди.

Катта ахборотларн жамлаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш имконияти кенгаяди. Бу эса ўз навбатида имтиёзларни етказишдаги коррупцион занжирлар ва ҳолатларни кескин қисқартиради. Хизмат кўрсатиш тезлашади.

Ижтимоий картани қаердан олиш мумкин?

Синов босқичида ижтимоий карта очиш учун электрон аризалар “Инсон” ижтимоий хизматлари марказлари орқали қабул қилинади. Кейинчалик Ягона портал, картанинг мобил иловаси ҳамда тегишли банклар бўлинмалари орқали ҳам мурожаат қилиш мумкин бўлади.

Ижтимоий карта бўйича молиявий агентлар “Халқ банки” ва “Алоқабанк” ҳисобланади. Белгиланган тоифага кирувчи фуқароларга карталар бепул берилади.

Уларни ариза берилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида олиш мумкин. Ўзгалар парваришига муҳтож айрим шахсларга “Инсон” марказлари томонидан 15 кун ичида ижтимоий карталар уларнинг яшаш жойига етказиб берилади.

Ижтимоий карталар жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб босқичма-босқич мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.

Visa платформасидан фойдаланилади

Ижтимоий карталар учун синов даврида Visa платформаси танланган. Ўзбекистонда Visa карта орқали пул ўтказилганда, нақд пул ечилганда ва бошқа транзакциялар амалга оширилгандаги комиссиялар миллий тўлов тизимлари – Humo ва Uzcard’га нисбатан қиммат. Шунингдек, Visa картани одатда фақатгина шу картани чиқарган банк иловасигагина улаш мумкин. Бу эса истеъмолчи учун қўшимча ноқулайликлар яратади. Kun.uz маскур ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига сўров юборди.

Ҳукумат қарорига кўра, ижтимоий карта лойиҳаси ҳамкор оператори сифатида БААнинг Абу Даби шаҳрида рўйхатдан ўтган Oxinus holding limited компанияси танланган.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият