18:22 / 27.01.2025
879

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида «Қоплонбек» ва «Навоий» назорат-ўтказиш пунктлари очилди

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида «Қоплонбек» ва «Навоий» назорат-ўтказиш пунктлари очилди
Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукумати «Қоплонбек» ва «Навоий» назорат-ўтказиш пунктларини очди, бироқ улар чекловлар билан ишлайди, деб хабар берди Tengrinews.

Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитасининг тушунтиришича, Ўзбекистон томони модернизация бўйича қурилиш ишларини якунлаш учун тез орада «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пунктини (Қозоғистон томонидаги «Жибек йўли» пункти) вақтинча ёпиб қўяди.

Шу боис давлатлар жисмоний шахсларнинг пиёда ўтиши, енгил автомобиллар ва автобуслар ўтиши учун «Қоплонбек» (Қозоғистон томонидан) ва «Навоий» (Ўзбекистон томонидан) назорат-ўтказиш пунктларини очишга келишиб олди.

Фото: Kgd.gov.kz
«Қозоғистон ва Ўзбекистон томонлари бир вақтнинг ўзида «Қоплонбек» ва «Навоий» назорат-ўтказиш пунктларида модернизация ва техник қайта жиҳозлаш ишларини амалга оширди ва бугун ушбу ўтказиш пунктларининг техник очилиши бўлиб ўтди. Фойдаланишга топшириш ишлари олиб борилиши муносабати билан 27 январдан 5 февралгача жисмоний шахслар, йўловчи транспорт воситалари ва автобусларнинг чекланган миқдори ўтказилади. 5 февралдан назорат-ўтказиш пункти тўлиқ қувватда ишлайди», дейилади Давлат даромадлари қўмитаси хабарида.

Кейинчалик, томонлар келишувига эришгандан сўнг, иккинчи босқичда ушбу назорат-ўтказиш пунктларида юк автотранспорт воситаларининг ўтиши кўзда тутилади.

Қўмита қўшимча қилганидек, «Қоплонбек» назорат-ўтказиш пункти жисмоний шахсларнинг ўтказиш қобилиятини кунига 20 мингтага, транспорт воситалариники эса 800 тагача ошириши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият