
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 21 феврал куни ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Мажлисда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари ҳамда жойлардаги студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши Раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари масъуллари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида қилинган ишлар ва уларнинг натижалари ҳамда йўл қўйилган айрим камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Миллий армия замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланаётгани, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Жаҳон тажрибаси ва таҳлиллардан келиб чиқиб, ички ва ташқи хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича янги жанговар бўлинмалар тузилди, қўшинлар таркиби оптималлаштирилди.
Армияни модернизация қилиш ва замонавий қуроллантиришнинг янги тизими – мудофаа саноати янада ривожлантирилгани, қўшимча корхоналар ташкил қилингани қайд этилди. Қуролли Кучлар томонидан 20 дан зиёд мамлакат билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 400 дан ортиқ қўшма машғулотларда юқори кўрсаткичларга эришилганлиги айтиб ўтилди.

Қуролли Кучлар таркибидаги ҳарбий олийгоҳларнинг инфратузилмаси тўлиқ модернизация қилинди, ўқув дастури ва методикаси бугунги кун талабларига мослаштирилди.
Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳам кучайди. Жумладан, 30 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланди, ўтган йил давомида 2 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзлар берилди.
Ватан ҳимоячиларига шароит яратишда ҳарбий-маъмурий секторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам иштирок этмоқда. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда уларни чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёрлашга эътибор кучайтирилмоқда.

Йиғилишда 2025 йил ва келгуси йиллар учун устувор вазифалар белгиланди.
Миллий армияни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизликка мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони томонидан Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, жанговар тайёргарлик кўрсаткичларини янада такомиллаштириш, сунъий интеллектга асосланган қўшинларни автоматлаштирилган ягона бошқариш тизимини яратиш, ҳарбий таълим ва ҳарбий кадрларни тайёрлашда дуал таълимдан фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Армиянинг устуни бўлмиш “Бош сержантлар корпуси” фаолиятини такомиллаштириш, мудофаа саноатини янада ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий спорт соҳасига йўналтириш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Йиғилишда мудофаа вазири, ҳарбий округ қўмондонлари ва бошқа масъулларнинг ҳисобот ҳамда таклифлари эшитилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар