Алкоголь ичишмайди, ажримлар ҳам йўқ: Қашқадарёдаги ўзига хос қишлоқ

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Денавболо қишлоғи тоғлар бағрида, денгиз сатидан 2700 метр баландликда жойлашган.
- Бу ерда 270 хонадонда мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва қишлоқ аҳолиси орасида алкогол истеъмол қилиш одати ҳамда узоқ йиллар давомида ажрим ҳолатлари қайд этилмагани айтилади.
- Қишлоқнинг ўзига хос жиҳатларидан бири меҳмон кутиш анъанаси бўлиб, айрим хонадонларда меҳмонлар учун махсус уйлар мавжуд.
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида тоғлар бағрида жойлашган Денавболо қишлоғи ўзига хос турмуш тарзи ва урф-одатлари билан эътиборни тортади.
Қишлоқ туман марказидан қарийб 75 километр узоқликда, баланд тоғли ҳудудда жойлашгани айтилмоқда. «Nurli karvon» маълумотларига кўра, қишлоқ денгиз сатҳидан қарийб 2700 метр баландликда жойлашган бўлиб, бу ерда 270 га яқин хонадон ва минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Денавболо ҳақидаги маълумотларда қишлоқ аҳолиси ўртасида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш одати йўқлиги таъкидланади. Шунингдек, қишлоқда узоқ йиллар давомида ажрим ҳолатлари қайд этилмагани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалган. Бироқ бу маълумотларнинг расмий статистика билан тасдиқлангани ҳозирча маълум эмас.
Қишлоқнинг яна бир ўзига хос жиҳати меҳмон кутиш анъанаси билан боғлиқ. Айтилишича, айрим хонадонларнинг кўча томонида меҳмонлар учун махсус уйлар мавжуд бўлиб, улардан қишлоққа келган меҳмонлар фойдаланиши мумкин.
Тоғли ҳудудда жойлашгани сабабли қишлоқда қиш мавсуми ҳам анча узоқ давом этади. Маълумотларга кўра, совуқ мавсум қарийб олти ойга чўзилиши мумкин. Шу боис аҳоли кундалик ҳаётини тоғ шароитига мослаштирган.
Баланд ва мураккаб тоғ йўллари сабабли бу ҳудудда транспорт ҳаракати ҳам ўзига хос. Асосан тоғ шароитида ҳаракатланишга мос транспорт воситаларидан фойдаланилади.
Қишлоқ номи ҳақидаги маҳаллий талқинларда «Денавболо» сўзи «юқори қишлоқ» маъносини англатиши айтилган. Бу ердаги «боло» қисми баландлик ёки юқорилик маъносини билдириши билан изоҳланади.
Тоғлар бағрида жойлашган Денавболонинг табиати, иқлими ва аҳолининг ўзига хос турмуш тарзи уни Қашқадарёнинг қизиқарли тоғли масканларидан бирига айлантиради.






























Изоҳлар 0
…